Қабиҳ қилмиш панжара ортига етаклади

      Гулзира Тошкенбоева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмушга чиқиб, бир нафар фарзанд кўрди-ю, аммо оила аталмиш муқаддас қўрғонни қадр қилмади чамаси, енгил ҳаёт йўлини танлади. Хўжаобод туманидаги яшаш хонадонида аёл шаънига номақбул ишлар билан шуғуллана бошлади. Кунларнинг бирида у хорижга сафар қилди. У ерда турли танишлар орттирди. Эҳтимол, бунақанги сафарлар ҳам турмуш ўртоғининг шубҳалар денгизи мавжланишига ва пировардида оиласи дарз кетишига сабаб бўлган бўлса, ажабмас.

      Кунлардан бирида Андижон шаҳрида яшовчи дугонасининг туғилган кунида эски танишларидан бўлмиш Муҳаббатхон ўзининг ишсизлигини билдирди. “Хоҳласангиз, иш бор, – деди сирли жилмайиб Гулзира. – Ҳам саёҳат, ҳам тижорат…”

      Андак сирлироқ бу гап Муҳаббатни ўйлантириб қўйди. “Қаерда, қанақа иш?” каби саволлар тинчини ўғирлади. Уйга келганида ҳам ўйлаб чиқди. “Энагалик. 1500-2000 доллар. Ҳазилакамми?! Барака топсин Гулзира…”

      Бироқ олдиндаги кўргуликларни у ҳали тасавур қилолмасди. Очиғи, уч-тўрт йилдан бери танийдиган, синглисидек кўрадиган Гулзирани бундай қилади деб ўйламасди. Начора, кўза кунда эмас, кунида синади.

      Йўлга отланадиган бўлишди.

      Гулзира ўзининг енгил машинасида уни Тошкентгача элтиб, аэропортдан кузатиб юборди. Хорижда уни Масъудбей исмли киши кутиб олди. Унинг енгил машинасида шаҳар маркази томон отланишди.

      …Кўп қаватли уй. Бироқ бу ерда Гулзира айтган ишларнинг тескариси бўлди – Масъудбей Муҳаббатнинг паспортини олиб қўйди. Ташқарига чиқиш, уйдагилар билан гаплашиш каби масалаларда чеклов ўрнатилди. Масъудбей уни шаҳвоний мақсадларга жалб қилди. Кўп ўтмай, Муҳаббатнинг яна бир таниши бўлган Дилсора ҳам етиб келди ва унинг ҳам қисмати айнан Муҳаббатники билан бир хил бўлиб қолди.

      – Қаранг-а, опа, – деди бир куни Муҳаббат. – Орзулаб-орзулаб келганимиз шу ер бўпти-я…

      – Нимасини айтасиз? Текин пишлоқ қопқонда бўларкан…

      Номуси дарз кетган Муҳаббат ва таниши юртга қайтайлик, деса, қўлларида на пул, на паспорти бор. Ноилож яна 20 кун кутилди. “У ёқ-бу ёққа айтмайсан, уйдагиларга ҳам индамайсан”, деган қаттиқ ва қатъий “топшириқ” янграгач, ортга қайтишларига йўл очилди…

      Гулзира эса, одатича, шундай фаолиятда давом этар, осон даромад уни хийла ҳаволантириб қўйгандай эди. Аммо кунларнинг бирида унинг қилмишлари фош бўлди.

      Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод тумани суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида ушбу масала муҳокама қилинди. Тўпланган далиллар, гувоҳлар ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари Гулзиранинг ғайриқонуний ишларини буткул ошкор қилди. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилган, одам савдосидек қабиҳ жиноятни содир этган Гулзира Тошкенбоева қилмиши учун 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилди. Бу жазо ҳали ёшиқирққа ҳам тўлмаган аёл учун етарли сабоқ бўлса, ажаб эмас.

 Қаҳрамон Аҳмадалиев,

жиноят ишлари бўйича Хўжаобод тумани суди раиси

 

Андижон вилояти судида Конституция куни байрами муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди

      Андижон шаҳрида вилоят судлари судьялари ҳамда ходимлари иштирокида Конституциямизнинг 31 йиллигига бағишланган тантанали маросим ташкил этилди.

      Тадбирда вилоят суди раиси Фарҳоджон Ғаниев, вилоят маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимов, Судьялар ассоциацияси Андижон филиали раиси Адҳам Дадахонов, соҳа фахрийлари Мирзадаврон Ғофуров, Абдумалик Турғунов ва бошқалар иштирокчиларни байрам билан қутлаб, янги таҳрирдаги Конституция ҳуқуқий демократик кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, миллий қонунчилик тизимини шакллантириш ҳамда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотларни муваффақиятли рўёбга чиқаришда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилаётганлигини таъкидладилар.

      Байрам муносабати билан бир гуруҳ судьялар ҳамда суд ходимлари фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одил судловни амалга ошириш ҳамда тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар ижросини рўёбга чиқариш жараёнидаги фаоллиги ва фидойилиги учун қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. Шунингдек, энг намунали қуйи судлар жамоалари компьютер жамланмалари билан тақдирланди.

Суд ходимлари “Менинг Конституциям ва давлат тилим” мавзусида оммавий диктант ёздилар

      Давлат раҳбарининг 2023 йил 16 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши доирасида қабул қилинган дастурнинг 22-бандида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат ташкилотларида “Менинг Конституциям 31 ёшда” шиори остида “Менинг Конституциям ва давлат тилим” мавзусида оммавий умумреспублика диктантини ташкил этиш белгиланган эди.

      Дастур ижросини таъминлаш мақсадида Андижон давлат университетида вилоят судлари ходимлари ўртасида кун тартибидаги мавзуда оммавий диктант ўтказилди. Матнда Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳияти, унинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни акс эттирилган.

      Якунда тизим ходимлари томонидан ёзилган диктантлар текширилиб, тўғри ва бехато ёзганлар Конституция куни муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда суд раҳбарияти томонидан муносиб тақдирландилар.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг моҳияти мулоқотнинг бош мавзуси бўлди

      Асака туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумида судлар ташаббуси билан янги таҳрирдаги Конституция ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

      Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони билан юксак тараққиётга эришишга хизмат қилувчи юз мақсаддан иборат стратегия қабул қилинди.  

      Айтиш жоиз, стратегия барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш; аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш; аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш; халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш ҳамда мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби ғояларни қамраб олган бўлиб, бош мақсад халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашдан иборат. Бу улуғвор вазифаларни амалга оширишда эса Конституция мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди, албатта.

      Мулоқотда фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро суди судьяси Н.Тожибоев, Асака туманлараро иқтисодий суди судьяси С.Юлдашев, мазкур суд девонхона мудири У.Тожибоевлар юқорида тилга олинган масалаларнинг аҳамияти юзасидан техникум ўқитувчи-ходимлари ҳамда ўқувчилари билан фикр алмашдилар.

      Давра суҳбатида, шунингдек, жамиятимизда гендер тенглик ва хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар, айни турдаги жиноятларнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ҳам тушунчалар берилди.

“Ўзбекистон – 2030”стратегияси:эзгу мақсадлар ва янги марралар

      Машҳур француз ёзувчиси А.С.Экзюперининг таъкидлашича, режасиз мақсад бу шунчаки орзу холос. Кўзланган мақсадга зарур вазифалар ва ҳаракатларни белгиламай эришиб бўлмайди.

      Жаҳон тажрибасидан маълумки, ҳар бир ривожлангандавлатлар ва жамиятлар ўз тараққиёти учун муҳим бўлган соҳаларда аниқ мақсадга эришишга қаратилган стратегияларни ишлаб чиққан ва бу жараён давом этмоқда. Бунга “2020 йилда биз хоҳлаган Канада”, “Норвегия 2030”, “Япония 2050” ва бошқа кўплаб миллий стратегияларини мисол қилиш мумкин.

      Халқ иродасининг ифодаси бўлган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этишэнг асосий мақсад этиб белгиланган.

      Шу мақсад йўлида мамлакатимиздакўплаб ижобий натижаларга эришилмоқда.Бунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари ва ҳаракатларининг ўрнибеқиёсдир.

      Юртбошимиз мамлакат ўтмиши, бугуни ва келажагига алоҳида эътибор қаратиб, тараққиётнинг ҳар босқичи учун зарур ислоҳотларни белгилаш ва амалга оширишга бевосита раҳбарлик қилмоқда.

      Президентнинг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли Фармони билан“Ўзбекистон 2030” стратегияси тасдиқланиши бу борада муҳим қадам бўлди.Стратегияда 2030 йилга қадар 5 та устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсадга эришишкўзланган бўлиб, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ҳам устувор йўналишлардан бири бўлиб ҳисобланади.

      Келгусида айнан қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ соҳасида келгусида қандай натижалар кутилмоқда? Бунга Стратегияда батафсил жавоб берилган.Уларнинг айримларига бевосита тўхталиб ўтиш жоиз.

      Бугунги кунда йўл ҳаракати хавфсизлиги инсон ҳаётини асрашнинг муҳим кафолати эканлигини биламиз. Ҳозирда инсон ҳаёти ва соғлигига жиддий хавфсолаётган йўл-транспорт ҳодисалари сони оз эмас. Уларнинг кўпчилиги транспорт ва пиёдалар тўқнашуви билан боғлиқ. Шу боис келгусида аҳоли пунктларида икки ва ундан ортиқ полосали тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларини тугмали светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш режалаштирилмоқда. Натижада жиддий оқибатлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонини камида 50 фоизга камайтиришга эришилади.

      Стратегияга кўра, озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш орқали судларнинг жиноят учун жазо тайинлашда янада инсонпарвар бўлиши таъминланади.

      Судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятлари камида 2 баробарга оширилади.

      Тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштироки таъминланади.

      Ягона электрон реестр яратиш орқали жиноят иши қўзғатилишидан тортиб иш юзасидан ҳукм чиқарилгунига қадар бўлган жараённи индивидуал рақам ва QR коди орқали кузатиб бориш имконияти жорий қилинади.

      Жиноят ишлари ва материалларнинг 100 фоиз электрон шаклдаги нусхаси юритилиши ва ушбу ишлар бўйича электрон ҳужжат алмашинуви йўлга қўйилади.

      Судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлиги 50 фоизга оширилади ва бундай низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтиришга, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизини электрон шаклда келиб тушишига эришилади.

      Биламизки, судлар фаолияти нафақат жиноят ва ҳуқуқбузарлик учун жазолаш, балки фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий, иқтисодий, моддий эҳтиёжларини қондиришларида юзага келган ноқонуний тўсиқларни бартараф этишга қаратилган. Судлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланиши баробарида, уларга етказилган иқтисодий ва бошқа моддий зарарлар қопланиши, пул маблағлари ундирилиши таъминланади.

      Бироқ ҳозирда суд ҳужжатларининг ижроси таъминланишда юзага келган муаммо ва камчиликларниҳам инкор этиб бўлмайди. Шу боис Стратегияда суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар тоифасининг камида 30 фоизини хусусий сектор ёрдамида ижро этишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.ажбурий бўлган қарорлар қабул қилинади ва ижрога қаратилади. ди, икларини

      Кўриниб турибдики, 2030 йилга қадар қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ соҳасида янада жиддий, ижобий ўзгаришлар кутилмоқда.

      Мазкур мақсад йўлида фуқароларни ўз ҳуқуқий билимларини янада оширишга, жамият ҳаётининг барча соҳаларида қонунийлик таъминланишида бевосита иштирок этишга ва қонунбузарликларга беэътибор бўлмасликка, шунингдек, Конституция ва қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга чорлаб қоламиз.

 Акмалжон Алижонов,

Андижон вилояти суди судьяси

Асака туманида “Судьялар боғи” ташкил этилди

      Андижон вилояти судлари томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Асака туманидаги олти гектардан зиёд майдонга манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

      Президентимиз ташаббуси билан юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар она табиатни асраш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ҳамда боғ-роғларга айлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

      Таъкидлаш жоизки, вилоятда кўча ва маҳаллалар, ташкилот ва муассасалар, хиёбонлар, бўш турган майдонларга дарахт кўчатлари экиш билан боғлиқ юмушлар уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда барча фаол иштирок этиб, яшил майдонларни кенгайтиришга баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда. 

      Андижон вилояти судлари ҳамда вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси ҳамкорлигида Асака туманидаги ўрмон хўжалиги фондига қарашли олти гектардан зиёд майдондаги дарахт экиш жараёнида вилоят умумюрисдикция ҳамда маъмурий судларида фаолият олиб бораётган судьялар ва ходимлар томонидан 8 минг тупга яқин манзарали дарахт кўчати экилди. Янги барпо этилган боққа “Судьялар боғи” деб ном берилди. 

      Судьялар боғининг барпо этилиши бутун дунёда иқлим ўзгаришлари шиддат билан кечаётган бугунги кунда она табиатни асраб-авайлаш, экологик муҳит барқарорлигини таъминлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш борасида юртимизда олиб борилаётган хайрли ишларга суд тизими вакилларининг ҳиссаси бўлиб қўшилади. 

Инсонийликка зид ишларга уриниш надоматга сабаб бўлди

      Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга шикоят келиб тушди. Ходимлар ишга киришдилар. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, иккинчи ариза келди. Икковида ҳам бир инсон ҳақида, аниқроғи, унинг ғайриқонуний хатти-ҳаракати тўғрисида гап кетарди…

      …Бир фарзанднинг онаси Маҳлиё Тошалиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) тақдир тақозосига кўра, 2019 йилда илк бора хорижга сафар қилди. Унинг борар манзили Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри эди. Сафар давомида узоқнинг “ҳаво-ҳадиси”ни олган Маҳлиё ўзга юртда аёллар салонида иш бошлади. Бир ажнабий йигит унга харидор бўлиб, иккиси турмуш ҳам қуриб, шаръий никоҳ асосида яшай бошлашди.

      Ўтган йили аёл қучоғида ўғли билан уйига қайтди. Маҳлиё шу фурсатларда бир қинғир ишни кўнглига тугди. Яъни олисга ишлагани бориш ниятидаги содда аёлларни излай бошлади. Кунларнинг бирида шундай аёллар унинг “қармоғига” илинди. У хонободлик Санам ва унинг дугонаси эди. Улар Андижон шаҳридаги ошхоналардан бирида учрашдилар. Аёллар мақсадини билган Маҳлиё бу ишда уларга жону дилдан кўмаклашишга шайлигини, фақат бунинг учун 4000 АҚШ доллари зарурлигини маълум қилди.

      Бу – харажатларга. Ярмини аввалдан, қолганини ўша ёққа боргач берасизлар, – деди ўз сўзига хотима ясаган бўлиб у.

      Мен ўйлаб кўраман, ҳозир ёнимда шунча пул йўқ, – деди Санам.

      Бўпти, Янги бозорга келаверинг, – деди Санам.

      Айни шу пул масаласи орага тушгач, уч суҳбатдошнинг гапи бир ердан чиқмай қолди.

      Маҳлиё қараса, ўзи кўзлаган текин пишлоқдан қуруқ қоладиган. Сир бой бермай, кўнишга мажбур бўлди. Санам суҳбат асносида барча ҳужжатлари, ҳатто, “загран паспорти”и ҳам тахтлигини билдирди.

      Орадан кунлар ўтаркан, Маҳлиё бетоқат бўла бошлади. Санамга бир-икки қўнғироқ қилиб, пул ҳақида сўз очди.

      Санам ҳам осон жон берадиганлар хилидан эмас экан чоғи, даволанаётганини, пули тайёр бўлган заҳоти сим қоқишини маълум қилди. Маҳлиё эса, тезроқ ўлжани қўлга киритиш иштиёқи билан ёнарди. Шу боис бир-икки қўнғироқдан сўнг кунларнинг бирида у Санамга яна телефон орқали “Гўзаллик салони”га кирмоқчилигини айтиб, пулга шаъма қилди.

      Ҳар икки аёл енгил машинада кўзланган манзилга етиб келганида, атрофни аллақачон тун қуршаб олганди. Санам Маҳлиё келган йўловчи автомашина олд ўриндиғига ўтирди ва келишилган 100 купюралик 10 та хориж валютасини хорижга чиқишга рухсат берувчи паспортига қўшиб унга узатди. Бироқ Маҳлиёга салонга кириш ҳам, бу пулларни шахсий эҳтиёжлари учун тасарруф қилиш ҳам, йўл бўйи ўйлаб келган моддият билан боғлиқ эртанги режаларини амалга ошириш ҳам насиб этмаган экан. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар унинг ғайриқонуний ишларига ўша жойнинг ўзида, шу куниёқ чек қўйдилар. Маҳлиёдан ашёвий далил тариқасидаги хориж валютаси холислар иштирокида олинди.

      Жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судида ўтказилган суд муҳокамаси якунида Маҳлиё Тошалиева Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисмининг тегишли бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ҳамда унга қилмишига яраша жазо тайинланди. Ўйлаймизки, бу ҳолат аёлларни хорижга юбориб, у ерда номусга, инсонийликка мос келмайдиган ишларга жалб қилиб, шу орқали моддий даромад орттирмоқчи бўлган Маҳлиёга етарлича сабоқ бўлиб, у энди умрбод тўғри йўлдан оғишмайди.

Фурқат Собиров,

жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани суди раиси

Тафтиш тартиби: вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланилади

      Жорий йил 27 сентябрь куни давлат раҳбари томонидан “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.

      Унга кўра, Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

      Маълумки, кейинги йилларда судлар фаолиятини янада такомиллаштириш орқали халқимизнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида босқичма-босқич ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида амалиётга татбиқ этилган ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди.

      Шунинг баробарида, бугунги кунда судларда иш ҳажми кескин ортганлиги баъзан ишларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш имкониятининг йўқолишига олиб келаётганлиги ҳам сир эмас.

      Қолаверса, узил-кесил қарор қабул қилишда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини уч босқичли тизим воситасида текшириш имкониятлари чекланганлиги сабабли мазкур тизимни ўрта бўғиннинг — вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали такомиллаштириш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, эндиликда ушбу қонун билан суд ҳукмига нисбатан апелляция шикояти (протести) бериш муддати 10 сутка этиб белгиланмоқда. 

      Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекси ишларни тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишни белгиловчи боб билан тўлдириляпти. Хусусан, биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанция судларининг ҳукмлари, ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят бериш мумкин.

      Мазкур қонун 2024 йил 1 январдан кучга кириши белгиланган бўлиб, унинг ҳаётга татбиқ этилиши судьяларнинг масъулиятини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ва норозиликларнинг олдини олишга, шунингдек ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга.

Носиржон Расулов,

Андижон вилояти суди судьяси

Коррупциянинг ҳар қандай шакли тараққиётга тушовдир

      Коррупция балосининг жамият тараққиёти илдизларига болта уриши инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Зотан, унинг ҳар қандай кўриниши – хоҳ йирик кўламдаги, хоҳ маиший коррупция бўлсин – иқтисодий ривожланиш барқарорлигига путур етказади, кадрлар сифатининг пасайишига, барча соҳаларнинг оқсашига, жиноятчиликнинг илдиз отишига ҳамда одамларда давлат идораларига нисбатан ишончсизлик пайдо бўлишига олиб келади.

      Мана, бир ҳаётий мисол. Яқинда жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судида судланувчи Ш.А.га доир иш кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Воқелик бундай бўлган: вилоят ихтисослаштирилган психиатрия тиббий ижтимоий эксперт комиссияси раиси лавозимида ишловчи Ш.А. фуқаро Д.Т.дан унинг психо-неврология диспансерида назоратда турувчи синглисининг 2-гуруҳ ногиронлик муддатини 1 йилга узайтириб бериш эвазига 1 миллион 200 минг сўм миқдоридаги пулларни ўзининг хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.

      Суд мазкур ҳолатни атрофлича ўрганиб чиқиб, Ш.А.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ҳамда унга 2 йил тиббиёт соҳаларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган ишларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Шу билан бирга, унинг зиммасига маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш ва иш жойини ўзгартирмаслик, вилоят ҳудудидан ташқарига чиқмаслик каби қўшимча тақиқлар ҳам юклатилди.

      Яна бир ҳолат. Фуқаро Х.Р.га Пахтаобод тумани ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда транспорт воситасини бошқарганлиги юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилади. Ҳайдовчи эса ўз хатти-ҳаракатларига нисбатан чора кўрмаслик ҳамда автоуловини жарима майдончасидан олиб чиқиш эвазига профилактика инспекторига 100 АҚШ долларини пора сифатида таклиф қилади ҳамда ушбу маблағнинг 600 минг сўмини бераётган пайтда инспекторнинг билдиргисига асосан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланади.

       Судда мазкур ҳолатга қонуний баҳо берилиб, Х.Р. Жиноят кодекси 211-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга нисбатан тегишли жазо тайинланди.

      Юқорида мисол қилиб келтирилган ҳар икки ҳолатда ҳам жабрланувчилар ноқонуний хатти-ҳаракатларга нисбатан қатъий фуқаролик позициясини билдирганлиги боис жиноятга чек қўйилди. Зеро, коррупцияга қарши курашнинг энг самарали воситаси ҳам жамоатчилик назоратидир. Айни иллатга нисбатан муросасиз муносабат муҳити шаклланган жамиятда эса коррупциявий жиноятлар сони кескин камайишига шубҳа йўқ.

Нурилло Нўъмонов,

Андижон вилояти суди матбуот котиби

Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри ишлаши одил судловга эришишда муҳимдир

      Жорий йил 30 апрель куни халқ хоҳиш-иродасининг ифодаси сифатида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция халқчиллиги, жамиятдаги муҳим муаммоларни тўғридан тўғри тартибга солиши ҳамда бевосита инсон манфаатларига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бош қомуснинг 15-моддасига кўра, у мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

      Айни тамойилдан келиб чиқиб, бугунги кунда судларда ҳам Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш орқали адолатли суд қарорлари қабул қилиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада жорий йил 23 июнда Олий суд Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.

      Мазкур қарорда Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини англатиши қайд этилган. Шунга кўра, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва Конституция нормаларини тўғридан тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозим.

      Шу ўринда суд амалиётидан келиб чиқиб, ҳаётий мисолларга тўхталсак. Даъвогар М.А. судга С.А.га нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, 2018 йили жавобгар билан қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганлиги ҳамда биргаликдаги турмушлари давомида бир нафар фарзандли бўлганлиги, бироқ жавобгар билан ўрталаридаги никоҳдан ажратилганлиги, боласи ногирон бўлганлиги боис ҳеч қаерда ишлай олмаётганлиги, моддий жиҳатдан қийналиб қолганлиги ҳамда фарзанди бир умр қаровга муҳтож эканлигини билдириб, ўғлининг ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар алимент ундиришни сўраган. Фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилади. Лекин жавобгар суднинг мазкур ҳужжатига нисбатан апелляция шикояти келтириб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўрайди. Вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ишни атрофлича кўриб чиқиб, қуйи суднинг юқорида зикр этилган қарорини ўзгаришсиз қолдириш, яъни апелляция шикоятини қаноатлантирмаслик хусусидаги тўхтамга келди. Судлов ҳайъати ўз ажримида, энг аввало, Конституциянинг 77-моддасини асос сифатида келтирди. Чунки Бош қомуснинг мазкур моддасида “Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” дея қайд этилган.

      Яна бир мисол. Вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси фуқаро Г.А.нинг манфаатини кўзлаб, «IJODKOR» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан «Меҳнат вазифаларини бажариш вақтида майибланганлиги учун тўланадиган бир марталик нафақа, ойма-ой зарар пуллари ва маънавий зарарни ундириш ҳақида»ги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судига мурожаат қилган.

      Аниқланишича, 2022 йилнинг июль ойида Г.А.нинг ўнг қўли МЧЖдаги ғишт ишлаб чиқариш дастгоҳида тан жароҳати олади. Ҳолат бўйича далолатнома тузилиб, тан жароҳати олганлиги меҳнат вазифаларини бажариш ҳолатлари билан боғлиқ деб ҳисобланади. Тиббий меҳнат экспертиза комиссияси хулосасига кўра, Г.А.нинг касбий меҳнат лаёқатини йўқотганлиги даражаси 10 фоиз деб белгиланади. Даъвода Республикада белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ошиб бориш ҳолатида ҳисоблаб чиқарилганида, Г.А.нинг ўртача ойлик иш ҳақи 2 миллион 600 минг сўм бўлганлиги, пенсия ва нафақалар 7 фоиз оширилганлиги назарда тутилиб, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 2 миллион 782 минг сўм, бир йиллик сумма эса 33 миллион 384 минг сўм ҳисобланганлигини, бундан ташқари, йўқотилган иш ҳақи учун етказилган зиённи қоплаш тарзида амалга ошириладиган ҳар ойлик тўлов 278 минг 200 сўмни, бунинг йиллик суммаси эса 3 миллион 338 минг 400 сўмни ташкил этиши билдирилиб, жавобгардан Г.А. фойдасига бир марталик нафақа, ҳар ойлик тўловлар ҳамда маънавий зарарни ундириш сўралган.

      Суд низони барча важлар ва иш ҳужжатлари билан бирга батафсил ўрганиб чиқди ҳамда даъвони қаноатлантириш хусусидаги тўхтамга келди. Яъни жавобгардан Г.А. фойдасига ўз вақтида тўланмаган 33 миллион 384 минг сўм нафақа, 3 миллион 338 минг 400 сўм миқдоридаги ойма-ой зарарлар, шунингдек, 5 миллион сўм маънавий зарар ундириладиган бўлди.

     Суд ҳужжатини қабул қилишда эса, биринчи навбатда, Бош қомусимизнинг 55-моддаси, яъни ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши хусусидаги норма асос қилиб олинди.

      Бу каби мисолларни яна келтириш мумкин. Эътибор беринг, янги таҳрирдаги Бош қомус кучга кирган кундан бошлаб жорий йил август ойининг якунига қадар Андижон вилоятида фуқаролик муносабатларига доир низоларни кўришда биринчи инстанция судлари томонидан 434 маротаба, вилоят судининг фуқаролик судлов ҳайъати томонидан эса 39 маротаба Конституция нормалари қўлланилган.

     Бир сўз билан айтганда, мамлакатда ўтказилган конституциявий ислоҳотлардан асосий мақсадлардан бири ҳам халқнинг Конституцияга бўлган ишончини кучайтириш, турли ҳаётий масалаларга ечим топишда Бош қомус ҳуқуқий таянч ва суянч вазифасини ўтайдиган кучга айланишига эришишдир. Бу эзгу тамойил судлар фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланмоқда.

Skip to content