Тафтиш тартиби: вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланилади

      Жорий йил 27 сентябрь куни давлат раҳбари томонидан “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.

      Унга кўра, Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

      Маълумки, кейинги йилларда судлар фаолиятини янада такомиллаштириш орқали халқимизнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида босқичма-босқич ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида амалиётга татбиқ этилган ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди.

      Шунинг баробарида, бугунги кунда судларда иш ҳажми кескин ортганлиги баъзан ишларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш имкониятининг йўқолишига олиб келаётганлиги ҳам сир эмас.

      Қолаверса, узил-кесил қарор қабул қилишда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини уч босқичли тизим воситасида текшириш имкониятлари чекланганлиги сабабли мазкур тизимни ўрта бўғиннинг — вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали такомиллаштириш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, эндиликда ушбу қонун билан суд ҳукмига нисбатан апелляция шикояти (протести) бериш муддати 10 сутка этиб белгиланмоқда. 

      Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекси ишларни тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишни белгиловчи боб билан тўлдириляпти. Хусусан, биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанция судларининг ҳукмлари, ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят бериш мумкин.

      Мазкур қонун 2024 йил 1 январдан кучга кириши белгиланган бўлиб, унинг ҳаётга татбиқ этилиши судьяларнинг масъулиятини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ва норозиликларнинг олдини олишга, шунингдек ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга.

Носиржон Расулов,

Андижон вилояти суди судьяси

Коррупциянинг ҳар қандай шакли тараққиётга тушовдир

      Коррупция балосининг жамият тараққиёти илдизларига болта уриши инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Зотан, унинг ҳар қандай кўриниши – хоҳ йирик кўламдаги, хоҳ маиший коррупция бўлсин – иқтисодий ривожланиш барқарорлигига путур етказади, кадрлар сифатининг пасайишига, барча соҳаларнинг оқсашига, жиноятчиликнинг илдиз отишига ҳамда одамларда давлат идораларига нисбатан ишончсизлик пайдо бўлишига олиб келади.

      Мана, бир ҳаётий мисол. Яқинда жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судида судланувчи Ш.А.га доир иш кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Воқелик бундай бўлган: вилоят ихтисослаштирилган психиатрия тиббий ижтимоий эксперт комиссияси раиси лавозимида ишловчи Ш.А. фуқаро Д.Т.дан унинг психо-неврология диспансерида назоратда турувчи синглисининг 2-гуруҳ ногиронлик муддатини 1 йилга узайтириб бериш эвазига 1 миллион 200 минг сўм миқдоридаги пулларни ўзининг хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.

      Суд мазкур ҳолатни атрофлича ўрганиб чиқиб, Ш.А.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ҳамда унга 2 йил тиббиёт соҳаларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган ишларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Шу билан бирга, унинг зиммасига маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш ва иш жойини ўзгартирмаслик, вилоят ҳудудидан ташқарига чиқмаслик каби қўшимча тақиқлар ҳам юклатилди.

      Яна бир ҳолат. Фуқаро Х.Р.га Пахтаобод тумани ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда транспорт воситасини бошқарганлиги юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилади. Ҳайдовчи эса ўз хатти-ҳаракатларига нисбатан чора кўрмаслик ҳамда автоуловини жарима майдончасидан олиб чиқиш эвазига профилактика инспекторига 100 АҚШ долларини пора сифатида таклиф қилади ҳамда ушбу маблағнинг 600 минг сўмини бераётган пайтда инспекторнинг билдиргисига асосан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланади.

       Судда мазкур ҳолатга қонуний баҳо берилиб, Х.Р. Жиноят кодекси 211-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга нисбатан тегишли жазо тайинланди.

      Юқорида мисол қилиб келтирилган ҳар икки ҳолатда ҳам жабрланувчилар ноқонуний хатти-ҳаракатларга нисбатан қатъий фуқаролик позициясини билдирганлиги боис жиноятга чек қўйилди. Зеро, коррупцияга қарши курашнинг энг самарали воситаси ҳам жамоатчилик назоратидир. Айни иллатга нисбатан муросасиз муносабат муҳити шаклланган жамиятда эса коррупциявий жиноятлар сони кескин камайишига шубҳа йўқ.

Нурилло Нўъмонов,

Андижон вилояти суди матбуот котиби

Skip to content