Қабиҳ қилмиш панжара ортига етаклади

      Гулзира Тошкенбоева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмушга чиқиб, бир нафар фарзанд кўрди-ю, аммо оила аталмиш муқаддас қўрғонни қадр қилмади чамаси, енгил ҳаёт йўлини танлади. Хўжаобод туманидаги яшаш хонадонида аёл шаънига номақбул ишлар билан шуғуллана бошлади. Кунларнинг бирида у хорижга сафар қилди. У ерда турли танишлар орттирди. Эҳтимол, бунақанги сафарлар ҳам турмуш ўртоғининг шубҳалар денгизи мавжланишига ва пировардида оиласи дарз кетишига сабаб бўлган бўлса, ажабмас.

      Кунлардан бирида Андижон шаҳрида яшовчи дугонасининг туғилган кунида эски танишларидан бўлмиш Муҳаббатхон ўзининг ишсизлигини билдирди. “Хоҳласангиз, иш бор, – деди сирли жилмайиб Гулзира. – Ҳам саёҳат, ҳам тижорат…”

      Андак сирлироқ бу гап Муҳаббатни ўйлантириб қўйди. “Қаерда, қанақа иш?” каби саволлар тинчини ўғирлади. Уйга келганида ҳам ўйлаб чиқди. “Энагалик. 1500-2000 доллар. Ҳазилакамми?! Барака топсин Гулзира…”

      Бироқ олдиндаги кўргуликларни у ҳали тасавур қилолмасди. Очиғи, уч-тўрт йилдан бери танийдиган, синглисидек кўрадиган Гулзирани бундай қилади деб ўйламасди. Начора, кўза кунда эмас, кунида синади.

      Йўлга отланадиган бўлишди.

      Гулзира ўзининг енгил машинасида уни Тошкентгача элтиб, аэропортдан кузатиб юборди. Хорижда уни Масъудбей исмли киши кутиб олди. Унинг енгил машинасида шаҳар маркази томон отланишди.

      …Кўп қаватли уй. Бироқ бу ерда Гулзира айтган ишларнинг тескариси бўлди – Масъудбей Муҳаббатнинг паспортини олиб қўйди. Ташқарига чиқиш, уйдагилар билан гаплашиш каби масалаларда чеклов ўрнатилди. Масъудбей уни шаҳвоний мақсадларга жалб қилди. Кўп ўтмай, Муҳаббатнинг яна бир таниши бўлган Дилсора ҳам етиб келди ва унинг ҳам қисмати айнан Муҳаббатники билан бир хил бўлиб қолди.

      – Қаранг-а, опа, – деди бир куни Муҳаббат. – Орзулаб-орзулаб келганимиз шу ер бўпти-я…

      – Нимасини айтасиз? Текин пишлоқ қопқонда бўларкан…

      Номуси дарз кетган Муҳаббат ва таниши юртга қайтайлик, деса, қўлларида на пул, на паспорти бор. Ноилож яна 20 кун кутилди. “У ёқ-бу ёққа айтмайсан, уйдагиларга ҳам индамайсан”, деган қаттиқ ва қатъий “топшириқ” янграгач, ортга қайтишларига йўл очилди…

      Гулзира эса, одатича, шундай фаолиятда давом этар, осон даромад уни хийла ҳаволантириб қўйгандай эди. Аммо кунларнинг бирида унинг қилмишлари фош бўлди.

      Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод тумани суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида ушбу масала муҳокама қилинди. Тўпланган далиллар, гувоҳлар ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари Гулзиранинг ғайриқонуний ишларини буткул ошкор қилди. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилган, одам савдосидек қабиҳ жиноятни содир этган Гулзира Тошкенбоева қилмиши учун 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилди. Бу жазо ҳали ёшиқирққа ҳам тўлмаган аёл учун етарли сабоқ бўлса, ажаб эмас.

 Қаҳрамон Аҳмадалиев,

жиноят ишлари бўйича Хўжаобод тумани суди раиси

 

Андижон вилояти судида Конституция куни байрами муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди

      Андижон шаҳрида вилоят судлари судьялари ҳамда ходимлари иштирокида Конституциямизнинг 31 йиллигига бағишланган тантанали маросим ташкил этилди.

      Тадбирда вилоят суди раиси Фарҳоджон Ғаниев, вилоят маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимов, Судьялар ассоциацияси Андижон филиали раиси Адҳам Дадахонов, соҳа фахрийлари Мирзадаврон Ғофуров, Абдумалик Турғунов ва бошқалар иштирокчиларни байрам билан қутлаб, янги таҳрирдаги Конституция ҳуқуқий демократик кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, миллий қонунчилик тизимини шакллантириш ҳамда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотларни муваффақиятли рўёбга чиқаришда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилаётганлигини таъкидладилар.

      Байрам муносабати билан бир гуруҳ судьялар ҳамда суд ходимлари фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одил судловни амалга ошириш ҳамда тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар ижросини рўёбга чиқариш жараёнидаги фаоллиги ва фидойилиги учун қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. Шунингдек, энг намунали қуйи судлар жамоалари компьютер жамланмалари билан тақдирланди.

Суд ходимлари “Менинг Конституциям ва давлат тилим” мавзусида оммавий диктант ёздилар

      Давлат раҳбарининг 2023 йил 16 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши доирасида қабул қилинган дастурнинг 22-бандида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат ташкилотларида “Менинг Конституциям 31 ёшда” шиори остида “Менинг Конституциям ва давлат тилим” мавзусида оммавий умумреспублика диктантини ташкил этиш белгиланган эди.

      Дастур ижросини таъминлаш мақсадида Андижон давлат университетида вилоят судлари ходимлари ўртасида кун тартибидаги мавзуда оммавий диктант ўтказилди. Матнда Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳияти, унинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни акс эттирилган.

      Якунда тизим ходимлари томонидан ёзилган диктантлар текширилиб, тўғри ва бехато ёзганлар Конституция куни муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда суд раҳбарияти томонидан муносиб тақдирландилар.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг моҳияти мулоқотнинг бош мавзуси бўлди

      Асака туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумида судлар ташаббуси билан янги таҳрирдаги Конституция ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

      Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони билан юксак тараққиётга эришишга хизмат қилувчи юз мақсаддан иборат стратегия қабул қилинди.  

      Айтиш жоиз, стратегия барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш; аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш; аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш; халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш ҳамда мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби ғояларни қамраб олган бўлиб, бош мақсад халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашдан иборат. Бу улуғвор вазифаларни амалга оширишда эса Конституция мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди, албатта.

      Мулоқотда фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро суди судьяси Н.Тожибоев, Асака туманлараро иқтисодий суди судьяси С.Юлдашев, мазкур суд девонхона мудири У.Тожибоевлар юқорида тилга олинган масалаларнинг аҳамияти юзасидан техникум ўқитувчи-ходимлари ҳамда ўқувчилари билан фикр алмашдилар.

      Давра суҳбатида, шунингдек, жамиятимизда гендер тенглик ва хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар, айни турдаги жиноятларнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ҳам тушунчалар берилди.

Skip to content