Ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш барча учун маънавий мажбуриятдир

          Андижон вилояти суди томонидан талабалар иштирокида содир этилаётган жиноятлар ҳамда ҳуқуқбузарликлар муҳокамасига бағишланган тадбир ташкил этилди. Андижон давлат университетида ўтказилган учрашувда олий ўқув юртининг декан ва декан ўринбосарлари, ўқитувчилар қатнашишди.

         

          Мулоқотда вилоят суди судьялари Илҳомжон Сотволдиев ҳамда Носиржон Расулов йилнинг айни даврига қадар судланган ёшлар томонидан қўл урилган жиноят турлари ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар, уларнинг ҳуқуқий оқибатлари хусусида сўз юритиб, ҳар қандай ғайриқонуний хатти-ҳаракат содир этган шахсга ёши ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, жавобгарлик муқаррарлиги хусусида аниқ мисоллар асосида қатор маълумотлар берди.

 

          Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, бугун ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънан етук бўлиб камол топишлари учун давлат томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Имкониятлардан оқилона фойдаланиш ва тўкис билим олиш эса ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.

 

          Бироқ талабалар орасида ҳам ёшлик қилиб, билиб-билмай ножўя қадам босиб, оқибатда мулзам бўлиб қолиш ҳоллари ҳам учраб турибди. Шу маънода ёшлар тарбиясига масъул бўлган барча қатлам, жумладан, устозлар ҳам йигит-қизларга пухта билим бериш билан бирга, уларни эгри йўлдан юрмасликлари, жиноят кўчасига кириб қолиб судланган тенгқурларининг қисматидан хулоса чиқаришлари учун таъсирчан ҳаётий мисоллар асосида панду ўгитларини аямасликлари даркор.

 

          Зеро, бир болага етти маҳалла ота-она дейилгани каби, ёшларни турли ёт ғоялардан, жиноий хатти-ҳаракатлардан асраш, боши берк кўчага кириб қолишларининг олдини олиш барча катталарнинг, шу жумладан, судьялар-у ва ўқитувчиларнинг ҳам маънавий мажбуриятидир.

Хатга тушди – ўтга тушди”ми? Ёки Асакалик фуқаро кредитга кафил бўлиб, нега 68 миллион сўм зарар кўрганлиги хусусида

Кейинги пайтларда яқин танишлари банкдан олаётган кредитга кафил бўлиб, оқибатда “емаган сомсага пул тўлашга” мажбур бўлаётган фуқаролар тез-тез учраб турибди. Шулардан бири – А.Н. фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар С.Т.дан 68 миллион сўм зарарни ундиришни сўраган.

 

Аниқланишича, А.Н. жавобгар С.Т.нинг “Микрокредитбанк” туман филиалидан олган 50 миллион сўм кредити учун кафиллик шартномаси асосида кафил бўлган. Бироқ жавобгар кредит шартномаси бўйича қарздор бўлса-да, кредитнинг тани ва фоизларини умуман тўламасдан келган. Оқибатда ундирув кафилнинг иш ҳақи пластик картасидан ойма-ой ечиб олиниб, жами 68 миллион сўм маблағлар кредит тани ва фоизлари учун тўланган. Қисқаси, даъвогар ушбу зарарни жавобгардан ундиришни сўраган.

 

Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ва банк ўртасида кафиллик шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра кафил агарда кредит шартномаси бўйича тўловлар белгиланган муддатларда ва миқдорларда амалга оширилмаган тақдирда тўлов мажбуриятларини тўлаб бериши, шартнома бўйича кредит олувчи билан солидар жавобгар ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

 

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъвогар А.Н.нинг жавобгар С.Т.га нисбатан “Зарарни регресс тартибида ундириш ҳақида”ги даъвоси қаноатлантирилди ва кафилга етказилган зарар ундириб берилди.

 

Ёки яна бир мисол. Даъвогар банк филиали судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, кредит бўйича қарздор С.Б. ва кафил К.О.дан тўланмаган 30 млн. сўм қарздорлик ва банк фоизларини солидар тартибда ундиришни сўраган.

 

Суд ишни тарафларни иштирокида атрофлича кўриб чиқиб, даъвони қаноатлантириш ва банк фойдасига 30 млн. сўм қарздорлик ва банк фоизларини кредит олувчи ва унинг кафилидан солидар тартибда ундириш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқарган.

 

Суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг белгиланган тартибда ижро қилиш учун МИБ туман бўлимига юборилган. Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида кафилнинг доимий иш жойи бўлганлиги, унинг пластик картасига ойма-ой иш ҳақлари келиб тушиши аниқланиб, суд ижро ҳужжатида кўрсатилган маблағлар кафилнинг иш ҳақидан бўлиб-бўлиб ундириб олинган.

 

Гарчанд, кафил олинган кредит маблағларидан умуман наф кўрмаган бўлса-да, кафиллик шартномасига имзо қўйиб, кафил мажбуриятларини зиммасига олган.

 

 

Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда  аҳолининг кредит олишга бўлган эҳтиёж ва талаблари муттасил равишда ошиб келмоқда. Бундан ташқари, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида маиший буюмлар, оргтехника, қурилиш маҳсулотлари ва бошқа турли хил маҳсулотларни пулини бўлиб бўлиб тўлаш шарти билан етказиб бериш шартномалари асосида савдо фаолияти кенг тус олди.

 

Албатта, бу тоифадаги кредит шартномалари шартлари ҳамма вақт ҳам қарз олувчилар томонидан ўз вақтида бажарилмайди.

 

Оқибатда низо келиб чиқиб, кредитор ташкилотлар томонидан судларга даъво аризаси билан мурожаат қилинмоқда. Айниқса, суд статистикасидан кўринишича, бу тоифадаги ишлар фуқаролик ишлари бўйича судларга келиб тушаётган ишларни асосий салмоғини ташкил қилади.

 

Аксарият катта миқдордаги кредит маблағларини қайтарилишини таъминлаш мақсадида кредит таъминоти сифатида кафиллик шартномаси ёки гаров мулки олинади.

 

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига кўра, кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.

 

Қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

 

Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради.

 

Яна бир эътиборли жиҳат шуки, мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади. Кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли.

 

Ўрни келганда, фуқароларимизга бошқа шахс олаётган кредит маблағлари учун кафил бўлишдан олдин кафиллик шартномасида кўрсатилган шартлар ва мажбуриятлар билан синчковлик билан танишиб чиқишларини тавсия қилган бўлар эдик. Бу ўз навбатида келгусида шу каби низолар келиб чиқишининг олдини олган бўларди.

 

Албатта, бу тоифадаги ишлар кўрилишида судлар ҳар бир тарафнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини таъминлаш билан бир қаторда, шартнома мажбуриятларини шартномада белгиланган тартибда ижро этилишини кафолатлайди ва бу билан қонун устуворлиги таъминланади.

 

Эркинжон Собиров, фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг раиси

ДАРДИНГ БЎЛСА БЎЛСИН, ҚАРЗИНГ БЎЛМАСИН

Қарз борасидаги муносабатларда қонунни билмаслик, олди-берди жараёнида хат-ҳужжатларга нисбатан эътиборсизлик куни келиб жуда қимматга тушиши мумкин. Яқинда Андижон вилояти судининг фуқаролик судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилган низо ҳам бу фикрнинг исботидир.

 

Ҳамиджонда (исмлар ўзгартирилди) тадбиркорлик қилиб бойиб кетиш мақсади бор эди. Банкда ишлаганлиги учунми, банкка келган фуқароларнинг пулларини фоизи билан қайтариш шарти билан олиб, маблағ асосида тадбиркорлик билан шуғулланишни режалаштирди.

 

Банкка омонат масаласида тез-тез келиб турадиган Даврон отага фоиз тўлаш шарти билан олти ой муддатга 100 миллион сўм қарз бериб туришни сўраб, уни банкдаги омонатдан кўра кўпроқ фойда кўришига ишонтирди. Даврон ота ёзма шартномага асосан, унга қарз бериб турадиган бўлди. Келишувга асосан қарздор Даврон отага ҳар олти ойда пул маблағларини фоизлари билан тўлаб турди, бироқ берган пулларига тилхат олишни ўйламади. Даврон ота эса ҳар олти ойда шартнома муддати тугаганда, Ҳамиджонга берган пулларига яна пул қўшиб, янги шартнома имзолатиб оларди. Ҳамиджон эса қарзнинг ҳисоб-китобини кўп-да ўйламасди. Бу ҳолат бориб-бориб, уни қарзларини тўлай олмайдиган ҳолга келтирди. Гап шундаки, Даврон ота билан ўрталарига совуқчилик тушди-ю, ҳақдор 1 миллиард сўм ундиришни сўраб, уни судга берди.

 

Ҳалқимизда “Олмоқнинг бермоғи бермоғи бор”, деган доно нақл бежиз айтилмаган. Қарз олдингми, албатта, тўлашинг шарт.

 

Қонунчиликда эса шундай қоида мавжуд: ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.

 

Суд Даврон отанинг даъвосини кўриб чиқиб, ҳар иккала тарафнинг тушунтиришларини эшитиб, тўпланган барча далилларни текшириб, Даврон отанинг талаблари шартномага асосланганлиги, Ҳамиджон эса қарзини қайтарганлигини тасдиқловчи далилларни тақдим эта олмаганлиги сабабли, суд даъвони қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича қарз берувчи қарз олувчига пул ёки бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни қайтариб бериш мажбуриятини олади.

 

Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

 

Ушбу Кодекснинг 735-моддасига мувофиқ, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.

 

Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.

 

Юқоридаги кодекснинг 737-моддасига кўра эса, ёзма шаклда тузилиши лозим бўлган қарз шартномаси юзасидан гувоҳларнинг кўрсатмалари ёрдамида даъволашиш мумкин эмас.

 

Ўз-ўзидан аён, қонунни билмаслик, беэътиборлик ва Даврон отага бўлган ишонч Ҳамиджонга жуда қимматга тушди.

 

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда судларда қарз низолари кўпайиб бораётган экан, фуқаролар турли таниш-билиш ва ҳаттоки қариндошлардан қарз олаётганда ҳам, турли шартномаларни имзолашдан аввал, унинг мазмун-моҳиятини яхшилаб тушуниб олишлари, яъни етти ўлчаб, бир кесишлари даркор. Бундан ҳам тўғри йўл эса, имкон қадар бировдан олишга уринмасликдир. Ахир “дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин”, деб бекорга айтилганми?

 

Нурилло Шамсидинов,

Андижон вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

 

 

 

ЁШЛАР ОЙЛИГИ ДОИРАСИДА СУД ХОДИМЛАРИ ЎРТАСИДА СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Андижон вилояти суди ходимлари ўртасида теннис ва футбол бўйича спорт мусобақалари ташкил этилди. 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган беллашувларда вилоят суди ва қуйи судлар жамоалари иштирок этди.

Теннис бўйича баҳсларда Хуршид Ибрагимхўжаев ғолибликни қўлга киритган бўлса, Умиджон Холиков ҳамда Абдусалом Абдураҳимов иккинчи ва учинчи ўринларга муносиб топилди.

Қизиқарли кечган футбол бўйича мусобақаларда эса Хўжаобод тумани судлари жамоаси бошқалардан устун эканлигини намоён этди. Қўрғонтепа тумани судлари жамоаси эса иккинчи ўринга сазовор бўлди.

Ғолиблар суд раҳбарияти томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро суди раиси «Ибратли судья» мукофотига сазовор бўлди

Судьялар олий кенгаши томонидан онлайн шаклда ўтказилган тантанали маросимда бир гуруҳ судьялар“Ибратли судья” деб эътироф этилди. Улар орасида фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро суди раиси Эркинжон Собиров ҳам бор.

Давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор ўзгаришлар жорий этилган, жумладан, одил судловни амалга оширишда юқори кўрсаткичга эга бўлган судьяларни «Ибратли судья» мукофоти билан тақдирлаш белгиланган эди.

Мазкур мукофотга номзодларни саралашда судьянинг одил судловга эришишдаги кўрсаткичлари баробарида унинг маънавияти, эл орасидаги обрў-эътибори ҳам ҳисобга олинади.

Кенгаш раиси Холмўмин Ёдгоров тақдирланганларни самимий табриклаб, барча судьяларга мана шундай шарафли мақом насиб этишини тилади.

Эркинжон Собировга юксак мукофот вилоят суди раҳбарияти томонидан тантанали равишда топширилди.

Андижон вилояти судида фахрийларнинг ёшлар билан учрашуви ўтказилди

        Андижон вилояти судида суд тизими фахрийларининг Андижон юридик техникуми талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди.

        Тадбирда вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев ёшларга суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги, шаффофлиги ва очиқлигини янада кучайтириш, судлар фаолиятини рақамлаштириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

        Бугунги кунда юридик техникумда йигит-қизлар уч йўналиш бўйича таҳсил олишмоқда. Бўлғуси ҳуқуқшунослар келажакда адвокат, прокурор ёки судья бўлиб ишлашни орзу қилиб, бу йўлда пухта билим олишга интилмоқдалар. Шундан келиб чиқиб, ёшларни касбга қизиқтириш, касб этикасига риоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини ошириш, ўз устида мунтазам равишда ишлаш ва кучли билим эгаллашларига кўмаклашиш тажрибали устозлар олдидаги муҳим вазифалардан бири.

        Учрашувда шогирдпарварликни, бўлғуси ҳамкасбларининг соҳада ўз ўрнини топишларини орзу қилиб, айни истакни қалб амрига айлантирган фахрийлар ҳар ишда қонун устуворлиги ва адолатнинг барқарор бўлиши судьяларнинг фидойилик ва қатъиятлиликни бўшаштирмасликлари билан боғлиқ эканлигини таъкидладилар. Қайд этилдики, соҳа вакилларининг эътиборсизлик, таваккалчилик ва ноҳақлик қилишга мутлақо ҳаққи йўқ. 

Мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

Тадбир давомида иштирокчиларга суд-ҳуқуқ соҳасига доир журналлар, юридик техникум кутубхонаси учун эса Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев қаламига мансуб “Адолат инсонпарварликнинг олий нуқтаси” номли рисола ҳамда журналист-ҳуқуқшунос Шоҳруҳ Акбаровнинг “Мен ўзбекман” номли китоблари тақдим этилди.

 

Андижон вилояти суди матбуот хизмати

Президент халқ қабулхонаси: қонунийлик ва адолат

Президент Халқ қабулхоналари томонидан Қашқадарё вилоятида ўтказилган оммавий қабулларда Қашқадарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг аппеляция тартибидаги очиқ суд мажлисида ноҳақ айбланиб, жарима жазоси тайинланган 2 нафар шахсга доир иш ҳам кўриб чиқилди.

Ғузор туманида яшовчи Дилфуза Мейланованинг 8 йиллик муаммоси ечим топди. 2012 йилда уй шароитида туғилган фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ололмаётган аёлнинг муаммоси адлия органлари томонидан ўрганилиб, фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.

Оммавий қабуллар давомида 50 дан ортиқ фуқаро ишга жойлаштирилди, 30 га яқин мурожаатчига имтиёзли кредит, 25 нафарига даволаниш учун ордер ажратилди. Эҳтиёжи бўлган фуқароларга ногиронлик аравачалари, протез-ортопедия буюмлари топширилди.

Умумлаштириб айтганда, Қашқадарё воҳаси бўйлаб кечган жонли мулоқотлар асносида 1 минг 655 киши кўтарган 1 минг 678 та масала ўрганилиб, уларнинг 572 таси жойида ҳал этилди. 524 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, қўшимча вақт ва ўрганиш талаб қиладиган 582 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.

Улар 2015 йилда тазйиқлар остида берилган гувоҳликлар, асоссиз кўрсатмалар бўйича Сурхондарё вилоят судининг ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилган. Яъни, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликда, пора олиш ва беришда воситачиликни амалга оширганликда айбланиб судланган.  

Уларнинг мурожаатлари асосида олиб борилган қўшимча текширувлар, суд жараёнлари натижасида айбсизлиги ўз исботини топди ва реабилитация қилиш йўли билан оқланди.

Миришкор тумани «Айзабод» маҳалласида истиқомат қилувчи Юлдуз Нормуродова ҳам катта умидлар билан оммавий қабулга келди. Маълум бўлишича, унинг тўнғич ўғли 21 ёшида 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. Айни пайтгача жазо муддатининг 6 йилини ўтаган фарзандига енгиллик беришни сўраб, Олий судга мурожаат қилди. Унинг аризаси Олий судда кассация тартибида кўриб чиқилиши аёлга умид бахш этди.

Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида юзага келган низоли ишларни кўришда имкон қадар тарафларни келиштиришга эътибор қаратилмоқда. Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармасининг даъвогар Шўртан газ-кимё мажмуаси қошидаги Қурилиш-монтаж-таъмирлаш бошқармаси унитар корхонаси манфаатини кўзлаб жавобгар “RAVON STRОY CITY” масъулияти чекланган жамиятидан 2 миллиард 878 миллион сўмдан зиёд маблағни ундириш юзасидан суд ташаббуси бўйича томонлар ўртасида низо бартараф этилиб, келишув битими тузилишига эришилди.

Хитойлик инвестор томонидан киритилган даъво аризаси эса қаноатлантирилиб, инвестор иштирокидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси фойдасига 13 миллиард 174 миллион сўмдан зиёд маблағни ундириш тўғрисида иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг ҳал қилув қарори қабул қилиниб, инвесторнинг ҳуқуқлари тикланди.

Қарши шаҳрилик Дилафрўз Хўжамуродова уйи йўқлиги сабабли 12 йилдан буён оилавий ётоқхонада яшайди. 4 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи вафот этиб, оила ташвиши, фарзандлар тарбияси ёлғиз ўзининг зиммасига тушган аёл оммавий қабулга яшаб турган турар-жойини ўз номига расмийлаштириб беришда ёрдам сўради. Дилафрўз Хўжамуродова ҳамда оилавий ётоқхонада яшаб келаётган яна 2 нафар аёлнинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Оммавий қабуллар жараёнида Олий судга 886 та мурожаат тушган бўлса, уларнинг 278 таси жойида ҳал этилди, 280 га яқинига асослантирилган тушунтиришлар берилди. Ижро учун назоратга олинган 239 та мурожаатдан 134 таси бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилиниб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди. 18 та фуқаронинг аризаси вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриш учун қабул қилинди. 14 та мурожаат бўйича даъво аризаси биринчи инстанция судининг иш юритувига қабул қилиниб, назоратга олинди. 141 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. 29 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилди.

Оммавий қабулларда Бош прокуратурага 360 нафар фуқаро турли масалаларда мурожаат қилган бўлса, шундан 62 та масала жойида ҳал қилинди. Мурожаатларнинг асосий қисми тергов ва суриштирув, суд қарорлари ижроси, ижтимоий-иқтисодий, уй-жой, моддий ёрдам, коммунал соҳа юзасидан бўлди. Иш масаласида мурожаат қилган 21 нафар фуқаронинг 4 нафари ўзига маъқул бўлган корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилган бўлса, 17 нафари касбга ўқитишга йўналтирилди.

Ички ишлар вазирлиги томонидан қабул жараёнларида 155 нафар фуқаро билан мулоқотлар ўтказилиб, улар томонидан билдирилган 49 та масала жойида ижобий ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 101 та мурожаат кўриб чиқилиши назоратга олинди.

«Кўҳна воҳа томорқа хизмати» МЧЖ раҳбари Обиджон Худойбердиев эса божхона хизмати масъулларига хориждан олиб келинган мандарин маҳсулотини ўз омборига божхона таъминлов суммасисиз туширишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Маҳсулотни сифатли сақлаш учун жамиятга қарашли омборда шароит мавжудлиги ҳисобга олиниб, мурожаат қаноатлантирилди.

Ғузор туманида яшовчи Дилфуза Мейланованинг 8 йиллик муаммоси ечим топди. 2012 йилда уй шароитида туғилган фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ололмаётган аёлнинг муаммоси адлия органлари томонидан ўрганилиб, фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.

Оммавий қабуллар давомида 50 дан ортиқ фуқаро ишга жойлаштирилди, 30 га яқин мурожаатчига имтиёзли кредит, 25 нафарига даволаниш учун ордер ажратилди. Эҳтиёжи бўлган фуқароларга ногиронлик аравачалари, протез-ортопедия буюмлари топширилди.

Умумлаштириб айтганда, Қашқадарё воҳаси бўйлаб кечган жонли мулоқотлар асносида 1 минг 655 киши кўтарган 1 минг 678 та масала ўрганилиб, уларнинг 572 таси жойида ҳал этилди. 524 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, қўшимча вақт ва ўрганиш талаб қиладиган 582 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.

«Сўх воқеалари» бўйича барча судланувчиларнинг охирги сўзи эшитилди

Фарғонада ўтган йилнинг май ойида Сўх туманида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар юзасидан айбланган 22 нафар шахс устидан давом этаётган суд жараёнида бугун барча судланувчиларнинг охирги сўзи эшитилди.

Дастлабки тергов органи томонидан ушбу шахсларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) ва 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) каби жиноятларни содир этганликда айб эълон қилиниб, 9 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш ва 13 нафарига уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган. Улардан бир нафари вояга етмаган шахсдир.

2020 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Чашма” булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берган.

Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён мазкур жиноят ишини кўриш ишлари давом этаётган бўлиб, суд муҳокамаси якунланмоқда.

Фарғона вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими хабарига кўра, “Сўх воқеалари”га оид жиноят иши бўйича суд муҳокамаси очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб борилиб, ишни кўришда 22 нафар судланувчи, 36 нафар жабрланувчи ва 21 нафар гувоҳлар сўроқ қилинди.

Фарғонада 1 минг 78 нафар муқаддам судланган шахс яна жиноятга қўл урган

Фарғонада судлар томонидан ўтган йилда 6 нафар фуқарога нисбатан тергов органи томонидан қўйилган ноҳақ айбловлар бекор қилиниб, уларнинг барчасига биринчи инстанция судлари оқлов ҳукмларини чиқарган.

Шунингдек, ушбу даврда 719 нафар шахсга нисбатан 470 та жиноят иши бўйича дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айблов ўзгартирилиб (модда тўлиқ айбловдан чиқарилган, модда қисми ёки банди чиқарилган ёки бошқа моддага малакаланиб ҳукм чиқарилган) ҳукм ўқилди.

Бу маълумотни Фарғона вилояти суди раиси Шуҳрат Камолов халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессиясидаги вилоятда судлар томонидан фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш борасида 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва 2021 йилда кўриладиган чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотида айтиб ўтди.

 Одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида вилоят судлари томонидан 2020 йил давомида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, ўтган йил давомида жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди ва туман (шаҳар) судлари томонидан жами 5 минг 282 нафар шахсга нисбатан  4 минг 310 та жиноят иши тамомланган.

Таҳлиллар судда кўрилган мазкур шахсларнинг 1 минг 78 нафари ёки 20,4 фоизи муқаддам судланган шахслар экани, шунингдек, жиноятлар асосан ичкиликбозлик, ишсизлик, оилавий ва қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликлар оқибатида келиб чиқаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2020 йил 3 декабрдаги ҳукмига кўра, А.Кожанова Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 97-моддасининг 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан Жиноят Кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган.

Мазкур жиноят иши бўйича судланувчининг шахсига оид маълумотлар ўрганилганида А.Кожанова муқаддам бир неча бор судланганлиги, жиноят содир қилинган вақтда вақтинча ишсиз бўлгани, никоҳи суд томонидан бекор қилинган бўлиб, 3 нафар фарзанди борлиги, Фарғона шаҳри, Юксалиш кўчаси, 84-уй, 5-хонадонда доимий рўйхатда турсада, жиноят содир этилган вақтда Фарғона шаҳри, А.Яссавий кўчаси, 40/Б-кўп қаватли уй балкони остида яшаб келгани маълум бўлди.

Бу эса, ўз навбатида, ички ишлар идоралари ходимлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамкорлигида жойларда аҳоли ўртасида, хусусан, муқаддам судланганлар билан профилактик тадбирлар етарли даражада олиб борилмаётганлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, мутасадди ташкилотлар томонидан мазкур фуқаронинг муаммоларига етарлича эътибор қаратилмаганлигидан, уни иш ва яшаш жойи билан таъминлаш чоралари кўрилмаганлигидан далолат беради.  

Skip to content