Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармасида Андижон туманлараро иқтисодий суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармасида Андижон туманлараро иқтисодий суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда солиқ идораларининг бир қатор тадбиркорлик субъектларини тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги аризалари кўриб чиқилди.

Сайёд суддан сўнг ўтказилган мулоқотда тадбиркорларга иқтисодий ночор корхоналар ва тадбиркорлик субъектларини молиявий инқироз ҳолатидан олиб чиқиш, улар фаолиятини қайта тиклаш ҳамда соғломлаштириш масалаларига доир амалдаги қонунчилик нормалари ва жорий тартиблар хусусида ҳам тушунчалар берилди.

Сайёр суд транспорт бошқармасида ўтказилди

      Вилоят транспорт бошқармасида жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси Элёр Пирматов раислигида сайёр мажлис бўлиб ўтди. Унда йўловчи ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланган ҳуқуқбузарларга нисбатан тузилган маъмурий баённомалар кўриб чиқилди.

      Жумладан, сўз бораётган масалада мавжуд тартиб-таомилларга риоя этмаган бир гуруҳ ҳайдовчиларга нисбатан жарима чоралари қўлланилди. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарлик аниқланганидан сўнг белгиланган муддатда йўловчи ташиш фаолиятини қонунийлаштириб олган ҳайдовчилар жаримадан озод қилиндилар.

Сайёр суддан сўнг ўтказилган мулоқотда йўлларда содир бўлаётган турли кўнгилсизликларнинг олдини олишда ҳар бир ҳайдовчи тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиши муҳимлиги, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузишнинг ҳуқуқий оқибатлари хусусида сўз юритилди.

Вилоят суди раиси жойларда сайёр қабул ўтказди

      Вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев Андижон шаҳри ҳамда Пахтаобод туманида сайёр қабул ўтказди.

      Қабулларда фуқароларнинг қирққа яқин ариза ва шикоятлари ўрганиб чиқилди. Жумладан, мерос, ҳадя, уй-жой билан боғлиқ, никоҳдан ажратишга доир низолар, шунингдек, жиноят судларида кўриб чиқилган ишлар юзасидан мурожаат муаллифларига атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

      Шу билан бирга, суд томонидан белгиланган мажбуриятларни ўташ чоғида хатоларидан хулоса чиқарган, ҳаёт тарзини ўзгартириб, ҳалол меҳнат билан шуғулланаётган юртдошларимизнинг жазонинг ўталмай қолган қисмидан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳақидаги мурожаатлари ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Андижон шаҳрида 12 нафар, Пахтаобод туманида 5 нафар маҳкумнинг илтимосномалари қаноатлантирилиб, уларга нисбатан инсонпарварлик тамойиллари қўлланилди.

Сайёр қабулда фуқароларни ўйлантираётган масалалар ўрганилди

      Фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро суди томонидан Шаҳрихон туманининг Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносида сайёр қабул ўтказилди.

      Мулоқотда суд раиси Насибилло Қамбаров 11 нафар фуқаронинг уй, ер, мол-мулк ва бошқа оилавий низолар билан боғлиқ масалаларини ўрганиб чиқиб, барчасига атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар берди. Шунингдек, туман “Халқ қабулхонаси” орқали келиб тушган мурожаат муаллифлари ҳам ўзларини ўйлантираётган саволларга жавоб олдилар.

      Қабул доирасида фуқароларга қонунчиликдаги янгиликлар, жумладан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида ҳам маълумотлар берилди.

Зўравонликка қарши кураш йўлидаги навбатдаги жиддий қадам

      Юртимизда аёлларни турли тазйиқлардан ҳимоя қилиш, хусусан, уларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш йўлида жиддий ислоҳотлар рўёбга чиқарилмоқда. Бундай амалий саъй-ҳаракатлар эса оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга, хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади, албатта. Қонунчиликдаги ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтиришга доир ўзгаришлар ҳам ана шу мақсадларни назарда тутганлиги билан аҳамиятлидир.

      Хусусан, шу йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан бир қатор ўзгаришлар амалиётга жорий қилинди. Яъниким, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги 231-модда билан тўлдирилди.

      Жумладан, эндиликда тазйиқ ва зўравонлик ёки уларни содир этиш хавфи бартараф этилмаган тақдирда, тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг аризасига кўра, бир иш куни ичида ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича материаллар тайёрланади ҳамда ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома расмийлаштирилган ҳолда жабрланувчининг яшаш жойидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига юборилади.

      Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида ёпиқ суд мажлисида жабрланувчи ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс ҳозирлигида кўриб чиқилади.

      Илтимосномани судда кўришда адвокат иштирок этиши мумкин.

       Жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахснинг суд мажлисига келиши ички ишлар органи ходими кузатуви остида амалга оширилади.

      Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахснинг суд мажлисида узрсиз сабабларга кўра ҳозир бўлмаганлиги ишни кўриб чиқишга монелик қилмайди. Агар суд мазкур шахснинг судда ҳозир бўлишини шарт деб топса, суд уни мажбуран олиб келиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.

      Судья иш материаллари билан танишиб чиққанидан кейин ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида ёки ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қарор чиқаради.

      Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарори ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва ички ишлар органлари томонидан дарҳол ижро этилади.

      Судья тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга қарор устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатини, шунингдек ҳимоя ордери талабларини ҳамда уларни бажармаслик оқибатларини тушунтиради.

      Қарорнинг кўчирма нусхаси тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахсига, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига, шунингдек тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга дарҳол топширилади.

      Агар улар суд мажлисига келмаган бўлса, қарорнинг кўчирма нусхаси бир сутка ичида почта орқали тарафларга юборилади.

      Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ёки ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарори устидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс, агар ишда иштирок этган бўлса, уларнинг адвокати, қонуний вакили томонидан 72 соат ичида апелляция тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиниши унинг ижро этилишини тўхтатиб турмайди.

Ҳимоя ордери талабларининг бажарилиши устидан назорат ички ишлар органи томонидан амалга оширилади.

      Хулоса ўрнида айтганда, мазкур жиҳатлар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлашга имкон беради.

Беҳзод Турдиев, жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси

Бўлажак ҳуқуқшунослар маъмурий суд фаолияти билан танишдилар

      Андижон вилояти маъмурий судида юридик техникум ўқувчилари учун “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди. Тадбир аввалида ёшлар судга мурожаат этувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

     Юридик техникум ўқувчиларининг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, кўникмаларини ривожлантиришда ҳуқуқ амалиёти билан яқиндан танишув муҳим аҳамиятга эга. Вилоят маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимовнинг ёшлар билан очиқ мулоқотида ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилди.

     Учрашувда маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, хусусан, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли юзага келувчи низолар билан боғлиқ ишлар хусусида тушунчалар берилди.

     Учрашувда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Aндижон давлат университетида Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси вилоят филиали ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Тадбирга соҳа фахрийлари, судьялар, олий ўқув юрти талабалари ҳамда юридик техникум ўқувчилари таклиф этилдилар.

     Учрашувда вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев, вилоят маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимов, Ассоциация вилоят филиали раиси Aдҳамжон Дадахонов, соҳа фахрийлари Одинахон Насриддинова, Абдумалик Турғунов ва бошқалар ёшларни суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда одил судловни амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар билан таништирдилар.

     Мулоқот давомида фахрийлар ўзларининг судьялик фаолияти билан боғлиқ ибратли мисолларни ҳикоя қилиб, ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар. Бундан ташқари, устозларнинг судьялар ва навқирон ходимлар, ёшларга сабоқ бўладиган фикр-мулоҳазалари, панду ўгитлари тингланди.

Улуғнорда вилоят судлари томонидан сайёр қабул ўтказилди

     Улуғнор туманида судлар томонидан навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Қабулда вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев, вилоят маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимов ҳамда судьялар фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатларини ўрганиб чиқдилар.

     Қабул жараёнида юртдошларимиз томонидан оилавий, хусусан, мол-мулк низолари, никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, суд томонидан тайинланган жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш билан боғлиқ, шунингдек, оммавий-ҳуқуқий муносабатларга доир масалалар кун тартибига қўйилди. Уларнинг ҳар бири атрофлича ўрганилиб, ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, қуйи суд қарорларидан норози бўлган айрим фуқароларнинг апелляция шикоятлари қабул қилиб олинди.

Солиқчи ва тадбиркорлар учун фойдали учрашув: судлар ташкил этган тадбирда қандай масалалар кўтарилди?

      Андижон шаҳрида иқтисодий, фуқаролик ҳамда маъмурий судлар томонидан солиқ низоларини кўришда ягона суд амалиётини шакллантириш масалалари юзасидан семинар ташкил этилди. Тадбирда вилоят маркази, шунингдек, Андижон, Олтинкўл туманларида фаолият кўрсатаётган солиқ органлари ходимлари, тадбиркорлар иштирок этишди.

      Жорий йилнинг 20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарори қабул қилинган эди. Унда судларда кўриб чиқилаётган солиқ низоларига доир айрим масалалар юзасидан ягона ёндашувни шакллантириш бўйича тушунтиришлар берилган.

      Мазкур пленум қарорининг мазмун-моҳияти мулоқотнинг бош мавзусига айланди. Яъни солиқларни ҳисоблаш, ундириш, тўлаш ёки солиқ органи ва солиқ тўловчи ўртасидаги муносабатларда юзага келган қарама-қаршиликлар ҳамда ноаниқликларни бартараф этишда эътибор қаратиладиган жиҳатлар, шунингдек, иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш каби масалалар хусусида фикр алмашилди.

      Мулоқотда Андижон туманлараро иқтисодий суди судьяси Жамолиддин Мамитов, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди ҳамда туманлараро маъмурий суди раислари Иқболжон Азизов, Акмалжон Шерматов солиқ органлари ходимлари ҳамда бизнес вакилларини қизиқтирган саволларга ҳам ойдинлик киритдилар.

Тиббиёт ходимига тажовуз: бунинг учун қандай жавобгарлик белгиланди?

      Андижон вилояти суди ташаббуси билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида маърифий-ҳуқуқий тадбир ташкил этилди.

      Хабарингиз бор, жорий йилнинг 27 март куни “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиловчи янги модда билан тўлдирилди.

      Яъниким энди тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

      Таъкидлаш керакки, айни пайтга қадар хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан қонунга хилоф равишда турли шаклларда таъсир ўтказганлик, шунингдек уларнинг тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри маъмурий жавобгарлик белгиланмаган эди.

      Вилоят судининг судьялари Носиржон Расулов, Нодирбек Мирзажонов янги қонун саломатлик посбонларининг ҳуқуқий ҳимояси йўлида мустаҳкам асос вазифасини ўташга, шунингдек, шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга хизмат қилишини таъкидлаб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Skip to content