Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик жавобгарликка олиб келади

      Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан вилоят болалар стоматология поликлиникасида қонунчиликдаги янгиликлар тарғиботига бағишланган учрашув ўтказилди. Унда шу йил 27 март куни қабул қилинган “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун мазмун-моҳияти борасида фикр алмашилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, шошилинч тиббий ёрдамни ва ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тармоғини ўз ичига олувчи уч босқичли миллий тиббиёт модели яратилди, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлигини, сифатини ва қулайлигини ошириш таъминланмоқда.

Шу билан бирга, охирги пайтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари юз бермоқда.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди раиси Улуғбек Каримов, судья Элёр Пирматов Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиловчи янги модда билан тўлдирилганини қайд этиб, шифокор ва ҳамшираларга айни мавзу юзасидан ҳуқуқий тушунчалар берди.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш – одил судловни амалга оширишнинг муҳим шарти

      Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида вилоят маъмурий суди томонидан маърифий-ҳуқуқий мавзуда тадбир ўтказилди. Мулоқотда судьялар ва талабалар инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида Ўзбекистонда қабул қилинаётган чора-тадбирлар ҳамда уларнинг натижалари хусусида фикр алмашдилар.

      Вилоят маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимов, судьялар Дилмир Халилов, Беҳзод Абдуназаров халқимизнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, мамлакатда инсон ҳақ-ҳуқуқларига риоя этилиши борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритдилар. Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш, уларнинг қонунлардан хабардорлик даражасини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссини шакллантириш масалаларига доир мулоҳазалар муҳокама марказида бўлди.

      Тадбирда давлат раҳбарининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори, мазкур ҳужжат асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури”нинг амалга оширилишидан кутилаётган натижалар, айни жараёнда талабаларнинг фаол иштироки юзасидан ҳам фикрлар билдирилди. Якунда йигит-қизлар ўзларини қизиқтирган саволлларга жавоб олдилар.

Ўзгалар ҳуқуқларига риоя этиш – умуминсоний қадриятларнинг ажралмас қисмидир

      Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтида вилоят суди раиси ҳамда судьяларининг талабалар билан учрашуви ўтказилди. “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги доирасида ташкил этилган мулоқотда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, халқимизнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида сўз юритилди.

      Маълумки, шу йил 7 февраль куни давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу бежиз эмас, албатта. Айни чоғда 2020 — 2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда.

      Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда айни йўналишдаги таълимни янада такомиллаштириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш масалалари долзарб вазифадир.

      Чунки инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда ўзига хос аҳамият касб этиб, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам муҳимдир.

      Мулоқотда вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев, вилоят суди судьяси Алишер Абдураҳмонов юқоридаги ҳужжатнинг аҳамияти, шунингдек, инсон ҳуқуқлари борасидаги билимларни мустаҳкамлаш ва бу борадаги тамойилларга риоя этишнинг ҳар бир талаба учун нечоғли зарур эканлиги ҳақида ҳаётий мисоллар асосида тушунчалар бердилар.

      Учрашувда кун тартибидаги мавзу бўйича савол-жавобларда фаол қатнашган талабаларга ҳуқуқий мавзудаги китоблар туҳфа қилинди.

Вилоят судларининг 2022 йилдаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

      Андижон шаҳрида вилоят судларининг 2022 йилдаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирга марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар таклиф этилдилар.

      Маълумки, шу йилнинг 16 январь куни давлат раҳбарининг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонлари эълон қилинган эди.

      Тадбир аввалида вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев ҳамда вилоят маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимов соҳада босқичма-босқич олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалдаги ифодаси, шунингдек, мазкур икки ҳужжатнинг суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш йўлидаги аҳамияти хусусида сўз юритдилар.

      Матбуот анжуманида судлов ҳайъатлари раислари томонидан фуқаролик, жиноят, иқтисодий ишлар бўйича ҳамда маъмурий судларнинг 2022 йилдаги фаолиятига доир муҳим маълумотлар тақдим этилди.

      Жумладан, ҳисобот даврида аввалги йилга нисбатан фуқаролик судларида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ, кредит қарздорлигини ундиришга доир, меҳнат муносабатларига тааллуқли, ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни бузиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларини қайтариш билан боғлиқ низолар кўпайган бўлса, жиноят судларида фирибгарлик, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш каби жиноятлар кўпайган.

      Иқтисодий судларда ўтган йилда 20 минг 574 та иш кўрилган бўлиб, бу 2021 йилга нисбатан 12 минг 686 тага кўпайди дегани.

Вилоят маъмурий суди ҳамда Андижон туманлараро маъмурий судлари томонидан эса сўз бораётган муддат оралиғида жами 671 та оммавий-ҳуқуқий муносабатларга доир ишлар кўриб тамомланган. Рақамлар қиёсланадиган бўлса, кўрилган ишлар сони 2021 йилга нисбатан 0,1 фоизга камайган.

      Матбуот анжуманда шу ва шу каби қатор жиҳатлар юзасидан яна кўплаб маълумот берилди. Қизғин мунозарага айланган тадбирда журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Ишонувчанликнинг бадали ёки “бизнесимга шерик бўлсангиз, фойданинг ярми сизники”, дея танишларини алдаб кетган фирибгар жазога тортилди

      Андижонлик Шоҳаббос Сайфуддиновнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) биров қарз сўраб келса, раъйини қайтармайдиган, имкон қадар яхшилик қиладиган одати бор. Аммо дуч келган одамга ишонувчанлиги бу сафар панд берди. Иқбол Собиров (исм-шарифлари ўзгартирилди) деган ғоят сўзамол таниши бир ҳамтовоғи билан бирга шундай бошини айлантирдики, Шоҳаббос ўзининг яп-янги “Кобальт”ини гаровга қўйиб, бировдан унга 5 минг доллар қарз олиб берганини сезмай ҳам қолди.

      Иқбол аввалига “10 минг доллар топиб бериб туринг, 3-4 соат ичида, жуда кечикса икки кунда қайтараман, Тошкентдан бир танишим келяпти, нақ 50 минг долларлик шартномага эга бўлиш учун шу пул етмай турибди”, дея илтимос қилди. Шоҳаббоснинг пули йўқ эди – очиғини айтди. Аммо Иқбол “машинангизни гаровга қўйиб, бирор кимдан олиб бериб туринг”, дея тихирлик қилавергач, кўнгилчанлиги тутиб кетди. Иқбол иши битгач, шу бўйи қорасини кўрсатмади. Икки кунда қайтарилиши керак бўлган 5 минг доллар қарз эса, мана бир йилдан ошдики, Шоҳаббоснинг бўйнида турибди. Автоулови ҳамон гаровда.

      Гапнинг сираси, И.Собировнинг “қармоғига илинган” биргина Шоҳаббос эмасди. Аввалроқ ўз ҳамтовоқлари билан қўқонлик И.Қўлдошевни ҳам нақ 285 миллион сўмга чув туширган, фирибгарнинг “биржада янги фирма очганмиз, ҳужжатлари жойида, фирмамизга инвестиция киритсангиз, фойданинг 50 фоизи сизники” деган алдовларига учган Қўлдошев ҳамда унинг ўғли юқорида келтирилган миқдордаги маблағларни бўлиб-бўлиб Иқболнинг қўлига тутқазишган эди. Тўғри, ўтган вақт ичида қарзнинг бир қисми эгасига қайтарилди, аммо қолган 9 минг долларга тенг пуллар ҳақдор ота-болага бугунга қадар қайтарилгани йўқ.

     Пичоқ суякка етгач, ҳар икки жабрланувчи бўлиб ўтган воқеликлар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга арз қилмоққа мажбур бўлишди. Алалхусус, судда И.Собиров Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилди. Унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, судланувчидан жабрланувчилар фойдасига юқорида зикр этилган миқдордаги пулларни ундириш белгиланди.

Улуғбек Каримов, жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг раиси

Судга ҳурматсизлик – тор маънодаги тушунча эмас

      Ҳар бир инсон судга ўзининг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш мақсадида, адолат излаб келади. Низонинг тезкорлик билан ҳал этилишини ва энг муҳими, адолат қарор топишини хоҳлайди. Даъво аризани тегишли тартибда расмийлаштириш учун ҳимоячи ёллайди, давлат божи ва суд харажатларини тўлаб, судга мурожаат қилади. Лекин жавобгарнинг судга келмаслиги, далилларни тақдим этмаслиги, суднинг ажримларини бажармаслиги амалиётда учраб туради. Бу каби вазият оқибатда суд жараёни узоқ муддатларга чўзилишига, энг ачинарлиси, адолатли қарорни қабул қилишга тўсқинлик қилади. Оқибатда даъвогарнинг суд ҳокимиятидан норози бўлиши эҳтимоли юзага келади. Сирасини айтганда, шу каби вазиятлардаги жавобгарнинг хатти-ҳаракатлари судга ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.

      Давлат раҳбарининг 2023 йил 16 январь куни қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонидан судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларининг олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш тўғрисидаги банд ҳам ўрин олган. Бу ўз навбатида одил судловни амалга оширишга халақит берадиган ҳар қандай тўсқинликларни бартараф қилишга қаратилган.

Чунки “судга ҳурматсизлик” тушунчасини кўп муҳокамаларга сабаб бўлган масала – фақат судьяни бевосита ёки билвосита ижтимоий тармоқлар орқали ҳақорат қилиш деб эмас, балки кенгроқ маънода тушуниш лозим.

      Жумладан, “судга ҳурматсизлик” деганда, тарафларнинг судга сабабсиз кеч қолиши (натижада суд мажлиси ўз вақтида бошланмайди ва тарафларнинг асосли норозилигини келтириб чиқаради), судга далилларни тақдим этмаслик, ёлғон далилларни тақдим этиш, судга далилларни тақдим этиш тартибини бузиш, суднинг экспертиза ўтказиш ҳақидаги ажримини бажармаслик, экспертларни (мутахассис) бинога киритмаслик (буларнинг оқибатида адолатли қарор топтиришни имконияти камаяди), судьяга кетма-кет асоссиз раддиялар бериш орқали суд мажлисини чўзиш, суд мажлисини чўзиш мақсадида асоссиз илтимосномалар киритиш, суд тартибини бузиш, иккинчи тараф билан даҳанаки жанжаллашиш, ёқалашиш, суд қарорини (ҳал қилув қарори, хукм, ажрим) ижросини таъминламаслик ҳолатларини ҳам тушуниш даркор.

      Келинг, “судга хурматсизлик” қилиш ҳолатини иқтисодий судлар мисолида кўриб чиқайлик.

Айтайлик, “А” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотни олди-сотди шартномасини расмийлаштириб, “Б” хусусий корхонасига 120 миллион сўмлик маҳсулот учун олдиндан пул тўлаб берган. Лекин маҳслотни олгани борса, “Б” корхонаси “маҳсулотни Бахром исмли вакилингиз келиб олиб кетган” деган важ билан уни беришдан бош торади. “А” жамияти адолатни излаб судга даъво ариза билан мурожаат қилади.

      Хўш, маҳсулотни олиб кетган Бахром исмли шахс “сотиб олувчи”га товарни етказганми? Йўқми? Суд шу масалага ойдинлик киритиш учун ажрим орқали чақирган бўлса-да, Бахром судга узрсиз сабабларга кўра келмаган ва далилларни судга тақдим этмаган. Бахромнинг ушбу ҳаракати судга ҳурматсизлик деб ҳисобланадими? Албатта, ҳурматсизлик. Бунинг натижасида суд Иктисодий процессуал кодексда белгиланган тартибда мавжуд далилларгагина таяниб, ҳал қилув қарори қабул қилишга мажбур бўлган.

      Яна бир мисол, пудрат шартномаси бўйича “А” масъулияти чекланган жамияти бошқа “Б” масъулияти чекланган жамиятида 5,5 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарган. “Б” жамияти бажарилган ишларни тан олмайди ва низо судгача етиб келади. Суднинг “бажарилган ишларни баҳолаш мақсадида экспертиза ўтказиш тўғрисида”ги ажрими “Б” жамияти томонидан бажарилмайди ва экспертлар бинога киритилмайди. Бу ҳолат, яъни суднинг ажримини бажармасликни судга ҳурмасизлик деб ҳисоблаш мумкинми? Албатта. Чунки шундай ҳолат сабаб низога вақтида ечим топилмай, жараён чўзилиб кетади.

      Энди судга ҳурматсизлик қилган шахсларга чет эл судларида қандай жазо берилади? Шу жиҳатга тўхталсак.

      Хусусан, Буюк Британияда “судга ҳурматсизлик” қилган шахсларга – икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 2 500 фунт стерлинг миқдорида жарима қўллаш; Францияда 6 ой қамоқ ёки 7 500 евро жарима солиш; Германияда 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш; Польшада икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш каби жазолар қўлланилади.

      АҚШда судга ҳурматсизлик учун рекорд даражада – 14 йилгача озодликдан маҳрум қилиш чораси қўлланилган. 2009 йилда Чикаго суди суд жараёнида эснаган шахсни 6 ой озодликдан маҳрум этишга қарор қилган. Россияда суд ҳурматсизлик учун – 200 000 рубль жарима (3 000 АҚШ доллари эквивалентида) ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

      Демак, судга ҳурматсизлик учун жавобгарликни кучайтирилиши аввало низоларни тўғри, адолатли, қисқа муддатларда ҳал этилиши учун шароит яратади ва тарафларнинг суд ҳокимиятига ишончини оширади. Қолаверса, суднинг чинакам мустақиллиги сари босилган яна бир муҳим қадам бўлиб қолади.

      Бундан ташқари, Фармонда суд қарори ижросини таъминламасликни ўз навбатида суд ҳокимиятини ҳурмат қилмаслик деб баҳолаш ва бунга жазо чорасини кўриш масаласи назарда тутилмоқда. Чунки суд қарори ижро этилмаса, уни қабул қилган суд ҳокимиятига нисбатан ишонч сўнишига сабаб бўлади.

      Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳужжат билан адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш мақсад қилинган.

Алишер Абдураҳмонов,

Андижон вилояти суди судьяси

Сессияда суд раисларининг ахборотлари тингланди

      Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг 46-сессияси ўтказилди. Унда вилоят судлари раисларининг ахборотлари тингланди.

      Вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев ҳамда вилоят маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимов ўз ахборотларида 2022 йилда одил судлов амалга ошириш борасидаги фаолиятга тўхталдилар. Жумладан, аввалги йилга нисбатан ортиб кетган низолар ҳамда жиноятчилик турларига алоҳида урғу берилди.

      Қайд этилишича, ишларни кўриш жараёнида қонунчиликдаги ярашув тамойилига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ҳисобот даврида тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатилган ишлар асосан Андижон шаҳри, Андижон, Асака, Пахтаобод, Избоскан, Шаҳрихон тумани судларига тўғри келган.

      Сессияда суд раислари депутатларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Фирибгарлик ҳеч қачон яхшилик билан тугамас

 

      Шаҳрихон туманида яшовчи Даминжон Собиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) фирибгарликка қўл ураётганда, бу ишининг оқибати нималарга олиб келишини билмаслиги мумкин эмасди. Чунки қирқ ёшдан ошган киши ҳаётнинг маълум чиғириқларидан ўтиб, оқ-қорани яхши ажратадиган паллада бўлади, одатда. Бироқ текин бойлик илинжи унинг фикрию зикрини банд этганди.

      Хуллас, Даминжон ўзига ишониб топширилган ердан қонуний фойдаланиш ўрнига, уни сотиб бойимоқчи бўлди.

      Аниқланишича, Шаҳрихон тумани ҳокимининг 2006 йил 30 декабрдаги қарорига асосан, Д.Собировга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва боғ барпо қилиш учун ўзи яшайдиган қишлоқ ҳудудидан 80 сотих ер майдони ажратиб берилган. Албатта, ўтган йиллар молбайнида у озми-кўпми меҳнат қилиб, ердан фойдаланди. Бироқ кейинги пайтларда ерни сотиб юбориш тараддудига тушиб қолди.

  •       Ерни ўзини шундоққина сотолмайсиз, шунинг учун кўчат экиб, боғ барпо қилинг, – дея маслаҳат берди танишларидан бири.

      Даминжон ўтган йилнинг баҳорида 500 туп гилос, 500 туп терак кўчати экиб чиқади. Сўнг ижтимоий тармоққа боғ сотилиши ҳақида эълон беради. Эълонни ўқиган фуқаро Р.Эргашев ерга харидор бўлиб келади. Даминжон харидорга боғни кўрсатгач, унга 45 минг АҚШ доллари миқдорида нарх қўяди.

  •       Мен чорва ҳайвонлари боқадиган жой сотиб олмоқчи эдим, бу ернинг ҳужжатларини чорвачилик йўналишига ўзгартирса бўладими? – дея сўради харидор.
  • Албатта бўлади, бу       масалани ўзим ҳал қилиб бераман, – дея ваъдани қуюқ қилди Даминжон.

      Харидор ерни сотиб олишга рози бўлади. Аммо “сувни кўрмай этик ечма”, нақлига амал қилиб, ер учун пул санашдан аввал туман кадастр бўлимида ишловчи танишларига маслаҳат солади. Табиийки, бўлим масъуллари ер давлат мулки эканлигини, ҳеч кимга уни сотиш ваколати берилмаганини, хусусан, боғни пулламоқчи бўлган шахс ҳам алдаганлигини маълум қилишади.

      Мутахассисларнинг фикридан хулоса ясаган Р.Эргашев бу хусусда Андижон вилояти ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилади. Оқибатда “қаҳрамонимиз” харидордан 400 миллион сўм миқдоридаги пулларни олган вақтида ушланади.

      Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон тумани судида кўриб чиқилди ҳамда Даминжон Собиров Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, қонуний жазога маҳкум этилди.

Султонмақсуд Холботиров,

жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон тумани суди судьяси

Гулнорахон Асранова – “Ибратли судья” мукофоти соҳибаси

      Куни кеча Андижон вилоятининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Гулнорахон Асранова Судьялар олий кенгашининг “Ибратли судья” мукофотига лойиқ деб топилди.

      Давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантириш масаласи ҳам кўзда тутилган эди.

      Жумладан, судьялар фаолиятини баҳолаш бўйича электрон рейтинг тизимида энг юқори кўрсаткичга эга бўлган соҳа вакилларини  “Ибратли судья” мукофоти билан, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, нафақага чиққан судьяларни эса “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаб бориш тартиби жорий этилганди.

      Куни кеча номзодларни саралаш натижаларидан келиб чиқиб, мамлакатимиз суд тизимида фаолият юритаётган 20 нафар судья “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланди.

      Тантанали маросимда Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров сўз олиб, мукофот соҳибларини самимий қутлади. Тадбирда сўз олганлар бундай эътироф жамиятимизда мустақил ва одил суд тизимига эришишда ҳар бир судья учун рағбат эканлигини, ўз навбатида тақдирланганларга улкан маъсулият ҳам юклашини қайд этдилар.

      Гулнорахон Асрановага юксак мукофот Андижон вилоят суди раҳбарияти томонидан тантанали равишда топширилди.

Суд ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъвони рад этди. Чунки…

       Асакалик Гулойим Қамбарова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жияни билан судлашди. Яъниким акасининг ўғли Орзимуродга нотариус орқали ҳадя қилиб берган уйини орадан икки ой ўтар-ўтмас, қайтариб олиш тараддудига тушди. Аммо унинг ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ даъво талаби суд томонидан рад этилди. Бундан норози бўлган Гулойим ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикояти келтирди, бироқ Андижон вилояти судининг фуқаролик судлов ҳайъати ҳам қуйи суд асосли ва тўғри қарор қабул қилган, деган тўхтамга келди.

      Хўш, ҳадя қилувчи нима учун аҳдидан қайтди? Суд нега унинг даъвосини рад этди?

      Маълум бўлишича, Г.Қамбарова ўз номидаги уй-жойни шу йил январь ойида жиянига ҳадя қилади. Ҳадя шартномаси хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан расмийлаштирилади ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.

      Даъвогарнинг айтишича, ўғлининг соғлиги ёмонлашиб, кўпроқ пулга эҳтиёж сезилади. Шу боис уйини сотмоқчи бўлади. Бироқ бундан хабар топган жияни ҳовли-жой бегона қўлга ўтиб кетмасин, деган мақсадда аммаси билан оғзаки келишув тузади. Унга кўра, жиян керакли маблағни топиб беришга, амма эса эвазига уйини жиянига ҳадя қилишга ваъдалашишади. Шундай қилиб, уй Орзимуроднинг номига ўтади. Бироқ жияни келишилган маблағни белгиланган муддатда етказиб бермагач, юқорида айтилгани каби, Г.Қамбарова ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга мурожаат қилади.

     Айтиш керакки, пул олди-бердиси билан боғлиқ бу гаплар – Г.Қамбарованинг судда келтирган оғзаки важлари, холос. Чунки судга бу даъволарни исботлайдиган бирор-бир далил ёки ҳужжат тақдим этмаган.

      Гарчи даъвогар судда жавобгар томонидан асл шартномани яшириш мақсадида кўзбўямачилик ишлатилиб, ҳадя шартномаси тузилганлигини, бундай ҳадя шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаслигини билдириб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни, даъво талабини қаноатлантиришни сўраган бўлса-да, судлов ҳайъати у келтирган важлар ҳал қилув қарорини бекор қилишга асос бўлмайди деб ҳисоблади.

      Негаки, Фуқаролик Кодексининг 124-моддасига кўра, юридик оқибат туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилган битим (қалбаки битим) ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Агар битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади.

      Юқоридаги ҳолатда эса тарафлар ўртасида тузилган ҳадя шартномаси номигагина тузилган битим эмас, балки юридик оқибат туғдириш ниятида тузилган битимдир. Яъни ушбу битимга асосан низоли мулкнинг мулкдори ўзгарган.

      Шунингдек, уни кўзбўямачилик учун тузилган битим деб ҳам бўлмайди, яъни бошқа битимни ниқоблаш учун тузилмаган. Негаки, тарафлар ўртасида бошқа битимнинг ўзи мавжуд эмас.

      Бундан ташқари, апелляция суд мажлисида тарафлар ўртасида ҳадя шартномаси тузилаётган вақтдаги видеоёзув ҳам кўриб чиқилдики, унда мазкур шартномани расмийлаштириш жараёнида нотариус томонидан “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасида назарда тутилган мажбуриятлари бажарилганлиги кўзга ташланади. Қолаверса, даъвогар томонидан нотариус ўзининг мажбуриятларини тўлиқ бажармаганлигини тасдиқловчи далиллар судга тақдим этилмаган.

      Хулоса шуки, қонунчиликда мулкдорнинг ўз хусусий мулкини бировга ҳадя қилиш тартиблари аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Ҳадя шартномаси ихтиёрий тарзда тузилади. Шу боис ҳадя қилиш билан боғлиқ жараёнда унинг юридик оқибатини обдон ўйлаган ҳолда иш тутилса, юқоридаги каби низолар келиб чиқмайди.

Муқаддамхон Аҳмадалиева,

Андижон вилояти суди судьяси

 

Skip to content