Бўлажак ҳуқуқшунослар маъмурий суд фаолияти билан танишдилар

      Андижон вилояти маъмурий судида юридик техникум ўқувчилари учун “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди. Тадбир аввалида ёшлар судга мурожаат этувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

     Юридик техникум ўқувчиларининг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, кўникмаларини ривожлантиришда ҳуқуқ амалиёти билан яқиндан танишув муҳим аҳамиятга эга. Вилоят маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимовнинг ёшлар билан очиқ мулоқотида ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилди.

     Учрашувда маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, хусусан, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли юзага келувчи низолар билан боғлиқ ишлар хусусида тушунчалар берилди.

     Учрашувда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Aндижон давлат университетида Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси вилоят филиали ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Тадбирга соҳа фахрийлари, судьялар, олий ўқув юрти талабалари ҳамда юридик техникум ўқувчилари таклиф этилдилар.

     Учрашувда вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев, вилоят маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимов, Ассоциация вилоят филиали раиси Aдҳамжон Дадахонов, соҳа фахрийлари Одинахон Насриддинова, Абдумалик Турғунов ва бошқалар ёшларни суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда одил судловни амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар билан таништирдилар.

     Мулоқот давомида фахрийлар ўзларининг судьялик фаолияти билан боғлиқ ибратли мисолларни ҳикоя қилиб, ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар. Бундан ташқари, устозларнинг судьялар ва навқирон ходимлар, ёшларга сабоқ бўладиган фикр-мулоҳазалари, панду ўгитлари тингланди.

Улуғнорда вилоят судлари томонидан сайёр қабул ўтказилди

     Улуғнор туманида судлар томонидан навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Қабулда вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев, вилоят маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимов ҳамда судьялар фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатларини ўрганиб чиқдилар.

     Қабул жараёнида юртдошларимиз томонидан оилавий, хусусан, мол-мулк низолари, никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, суд томонидан тайинланган жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш билан боғлиқ, шунингдек, оммавий-ҳуқуқий муносабатларга доир масалалар кун тартибига қўйилди. Уларнинг ҳар бири атрофлича ўрганилиб, ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, қуйи суд қарорларидан норози бўлган айрим фуқароларнинг апелляция шикоятлари қабул қилиб олинди.

Skip to content