Андижон шаҳрида иқтисодий, фуқаролик ҳамда маъмурий судлар томонидан солиқ низоларини кўришда ягона суд амалиётини шакллантириш масалалари юзасидан семинар ташкил этилди. Тадбирда вилоят маркази, шунингдек, Андижон, Олтинкўл туманларида фаолият кўрсатаётган солиқ органлари ходимлари, тадбиркорлар иштирок этишди.
Жорий йилнинг 20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарори қабул қилинган эди. Унда судларда кўриб чиқилаётган солиқ низоларига доир айрим масалалар юзасидан ягона ёндашувни шакллантириш бўйича тушунтиришлар берилган.
Мазкур пленум қарорининг мазмун-моҳияти мулоқотнинг бош мавзусига айланди. Яъни солиқларни ҳисоблаш, ундириш, тўлаш ёки солиқ органи ва солиқ тўловчи ўртасидаги муносабатларда юзага келган қарама-қаршиликлар ҳамда ноаниқликларни бартараф этишда эътибор қаратиладиган жиҳатлар, шунингдек, иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш каби масалалар хусусида фикр алмашилди.
Мулоқотда Андижон туманлараро иқтисодий суди судьяси Жамолиддин Мамитов, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди ҳамда туманлараро маъмурий суди раислари Иқболжон Азизов, Акмалжон Шерматов солиқ органлари ходимлари ҳамда бизнес вакилларини қизиқтирган саволларга ҳам ойдинлик киритдилар.
Андижон вилояти суди ташаббуси билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида маърифий-ҳуқуқий тадбир ташкил этилди.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 27 март куни “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиловчи янги модда билан тўлдирилди.
Яъниким энди тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Таъкидлаш керакки, айни пайтга қадар хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан қонунга хилоф равишда турли шаклларда таъсир ўтказганлик, шунингдек уларнинг тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри маъмурий жавобгарлик белгиланмаган эди.
Вилоят судининг судьялари Носиржон Расулов, Нодирбек Мирзажонов янги қонун саломатлик посбонларининг ҳуқуқий ҳимояси йўлида мустаҳкам асос вазифасини ўташга, шунингдек, шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга хизмат қилишини таъкидлаб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан вилоят болалар стоматология поликлиникасида қонунчиликдаги янгиликлар тарғиботига бағишланган учрашув ўтказилди. Унда шу йил 27 март куни қабул қилинган “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун мазмун-моҳияти борасида фикр алмашилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, шошилинч тиббий ёрдамни ва ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тармоғини ўз ичига олувчи уч босқичли миллий тиббиёт модели яратилди, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлигини, сифатини ва қулайлигини ошириш таъминланмоқда.
Шу билан бирга, охирги пайтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари юз бермоқда.
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди раиси Улуғбек Каримов, судья Элёр Пирматов Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиловчи янги модда билан тўлдирилганини қайд этиб, шифокор ва ҳамшираларга айни мавзу юзасидан ҳуқуқий тушунчалар берди.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Андижон вилоят суди