Гулнорахон Асранова – “Ибратли судья” мукофоти соҳибаси

      Куни кеча Андижон вилоятининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Гулнорахон Асранова Судьялар олий кенгашининг “Ибратли судья” мукофотига лойиқ деб топилди.

      Давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантириш масаласи ҳам кўзда тутилган эди.

      Жумладан, судьялар фаолиятини баҳолаш бўйича электрон рейтинг тизимида энг юқори кўрсаткичга эга бўлган соҳа вакилларини  “Ибратли судья” мукофоти билан, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, нафақага чиққан судьяларни эса “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаб бориш тартиби жорий этилганди.

      Куни кеча номзодларни саралаш натижаларидан келиб чиқиб, мамлакатимиз суд тизимида фаолият юритаётган 20 нафар судья “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланди.

      Тантанали маросимда Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров сўз олиб, мукофот соҳибларини самимий қутлади. Тадбирда сўз олганлар бундай эътироф жамиятимизда мустақил ва одил суд тизимига эришишда ҳар бир судья учун рағбат эканлигини, ўз навбатида тақдирланганларга улкан маъсулият ҳам юклашини қайд этдилар.

      Гулнорахон Асрановага юксак мукофот Андижон вилоят суди раҳбарияти томонидан тантанали равишда топширилди.

Суд ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъвони рад этди. Чунки…

       Асакалик Гулойим Қамбарова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жияни билан судлашди. Яъниким акасининг ўғли Орзимуродга нотариус орқали ҳадя қилиб берган уйини орадан икки ой ўтар-ўтмас, қайтариб олиш тараддудига тушди. Аммо унинг ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ даъво талаби суд томонидан рад этилди. Бундан норози бўлган Гулойим ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикояти келтирди, бироқ Андижон вилояти судининг фуқаролик судлов ҳайъати ҳам қуйи суд асосли ва тўғри қарор қабул қилган, деган тўхтамга келди.

      Хўш, ҳадя қилувчи нима учун аҳдидан қайтди? Суд нега унинг даъвосини рад этди?

      Маълум бўлишича, Г.Қамбарова ўз номидаги уй-жойни шу йил январь ойида жиянига ҳадя қилади. Ҳадя шартномаси хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан расмийлаштирилади ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.

      Даъвогарнинг айтишича, ўғлининг соғлиги ёмонлашиб, кўпроқ пулга эҳтиёж сезилади. Шу боис уйини сотмоқчи бўлади. Бироқ бундан хабар топган жияни ҳовли-жой бегона қўлга ўтиб кетмасин, деган мақсадда аммаси билан оғзаки келишув тузади. Унга кўра, жиян керакли маблағни топиб беришга, амма эса эвазига уйини жиянига ҳадя қилишга ваъдалашишади. Шундай қилиб, уй Орзимуроднинг номига ўтади. Бироқ жияни келишилган маблағни белгиланган муддатда етказиб бермагач, юқорида айтилгани каби, Г.Қамбарова ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга мурожаат қилади.

     Айтиш керакки, пул олди-бердиси билан боғлиқ бу гаплар – Г.Қамбарованинг судда келтирган оғзаки важлари, холос. Чунки судга бу даъволарни исботлайдиган бирор-бир далил ёки ҳужжат тақдим этмаган.

      Гарчи даъвогар судда жавобгар томонидан асл шартномани яшириш мақсадида кўзбўямачилик ишлатилиб, ҳадя шартномаси тузилганлигини, бундай ҳадя шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаслигини билдириб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни, даъво талабини қаноатлантиришни сўраган бўлса-да, судлов ҳайъати у келтирган важлар ҳал қилув қарорини бекор қилишга асос бўлмайди деб ҳисоблади.

      Негаки, Фуқаролик Кодексининг 124-моддасига кўра, юридик оқибат туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилган битим (қалбаки битим) ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Агар битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади.

      Юқоридаги ҳолатда эса тарафлар ўртасида тузилган ҳадя шартномаси номигагина тузилган битим эмас, балки юридик оқибат туғдириш ниятида тузилган битимдир. Яъни ушбу битимга асосан низоли мулкнинг мулкдори ўзгарган.

      Шунингдек, уни кўзбўямачилик учун тузилган битим деб ҳам бўлмайди, яъни бошқа битимни ниқоблаш учун тузилмаган. Негаки, тарафлар ўртасида бошқа битимнинг ўзи мавжуд эмас.

      Бундан ташқари, апелляция суд мажлисида тарафлар ўртасида ҳадя шартномаси тузилаётган вақтдаги видеоёзув ҳам кўриб чиқилдики, унда мазкур шартномани расмийлаштириш жараёнида нотариус томонидан “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасида назарда тутилган мажбуриятлари бажарилганлиги кўзга ташланади. Қолаверса, даъвогар томонидан нотариус ўзининг мажбуриятларини тўлиқ бажармаганлигини тасдиқловчи далиллар судга тақдим этилмаган.

      Хулоса шуки, қонунчиликда мулкдорнинг ўз хусусий мулкини бировга ҳадя қилиш тартиблари аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Ҳадя шартномаси ихтиёрий тарзда тузилади. Шу боис ҳадя қилиш билан боғлиқ жараёнда унинг юридик оқибатини обдон ўйлаган ҳолда иш тутилса, юқоридаги каби низолар келиб чиқмайди.

Муқаддамхон Аҳмадалиева,

Андижон вилояти суди судьяси

 

Соғлом турмуш тарзига, ёшлар ҳаётига дахл қилувчи иллат

      Кўза кундамас, кунида синади, деган гап бекорга айтилмаган. Бир йилдан буён кучли таъсир қилувчи дориларга муккасидан кетган Тоҳир Мирзаҳакимов (исм-фамилиялар ўзгартирилди) ниҳоят қўлга тушди. Махсус тадбир доирасида унинг жиноятига чек қўйилмаганида, у сотиб фойда орттириш мақсадида муомала киритмоқчи бўлган икки турдаги 714 дона дори воситалари қўлма-қўл бўлиб, ўнлаб ёшларни ўз домига тортиши аниқ-равшан эди.

      Шундай қилиб, муқаддам талончилик, безорилик каби жиноятларга қўл уриб икки маротаба судланган 27 яшар йигит оила қурадиган, ҳаётда ўз ўрнини топадиган паллада учинчи марта жиноят кўчасига кирди ва бунинг учун тегишли жазосини олди.

      Судланувчи судда айбига иқрорлик билдириб қайд этганидек, 2021 йилнинг баҳор фаслида Андижон шаҳрининг Янги бозор ҳудудида кучли таъсир қилувчи дори воситаси сотиб олиб, ундан татиб кўради. Кейинчалик доимий равишда уни истеъмол қилишга ўрганиб қолади. Ўтган йилнинг январь ойида вилоят марказида нотаниш аёлдан дори харид қилаётган вақтида сотувчи гап орасида кучли таъсир этувчи воситаларга катта миқдорда талаб бўлаётганини, шаҳарда уларни топиш имконсиз бўлиб бораётганини писанда қилади. Тоҳир унга айтилган турдаги дориларни топиб беришни ваъда қилади ҳамда сўраб-суриштириб Қўрғонтепа туманидан юқорида тилга олинган миқдорда дори топиб келади. Уларни харидорга салкам 14 миллион сўмга пуллаётган чоғида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинади.

      Албатта, ҳар бир ножўя иш ўзининг муносиб баҳосини олади. Тоҳир Мирзаҳакимовга Жиноят кодекси 2511-моддасининг 3-қисми (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан мазкур кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

      Хулоса шуки, юртимизда юқорида тилга олинган жиноят турига қарши курашишда нафақат масъуллар, балки шу жамиятда яшовчи ҳар бир шахс муросасиз кураш олиб бориши, бу борада доимо сергак ва ҳушёр бўлмоғи давр талаби. Токи кучли таъсир этувчи дорилар савдоси чирмовуқдек тарқалиб, соғлом турмуш тарзига, ёшлар ҳаётига, демакки юрт келажагига дахл қилмасин.     

 

Умаржон Мирзаабдуллаев,

жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди раиси

Тадбиркор қиёфасидаги фирибгарларга суд ҳукми ўқилди

      Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида бир неча фуқароларнинг пулини алдов йўли билан қўлга киритиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборганлиги учун 31 яшар Ш.Ж. ҳамда унинг турмуш ўртоғи М.Ж.га суд ҳукми ўқилди. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарарлар эса суд даврида судланувчиларнинг оила аъзолари томонидан мулк ва нақд пул кўринишида тўлиқ қоплаб берилди.

      Маълум бўлишича, Ш.Ж. ўзига тегишли “Дамас” автомобилини гаровга қўйиб, микрокредит ташкилотидан икки йил муддатга 38 миллион сўм қарз олади. Орадан етти ой ўтар-ўтмас, кекса ёшдаги таниши А.Б.га машинасини сотиб олишни таклиф қилади. Автоулов айни пайтда тақиқда эканини, бироқ тез орада микрокредит ташкилоти билан қарз ҳисоб-китобларини жой-жойига қўйгач, “Дамас”ни А.Б.нинг исталган оила аъзоси номига расмийлаштириб беришини ваъда қилади. Хуллас, отахонни гапларига ишонтириб, ундан бўлиб-бўлиб жами 5 минг 850 доллар пул олади. Бироқ Ш.Ж. ваъдалашилган муддатда оқсоқол номига на машинани расмийлаштириб беради, на пулларини қайтаради.

      Афсуски, уддабурон фирибгарнинг тузоғига тушган бир киши эмас экан. “Қаҳрамонимиз” турмуш ўртоғи билан бирга қўшниси И.Р.ни ҳам ўрталаридаги ишончли муносабатлардан фойдаланган ҳолда алдаб, унга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни йўлга қўйишганини айтиб, агар 200 АҚШ доллари бериб турса, ҳар ойда унинг фоизи сифатида 500 минг сўмдан пул беришга ишонтиришади. Бироқ олинган пулнинг бир тийинини ҳам қайтаришмайди. Бу ҳам етмагандай, И.Р.га эндиликда чеварчилик фаолияти билан шуғулланиш ниятида эканликларини, шунга кўра ўз номига банкдан имтиёзли шартларда кредит олиб беришни илтимос қилиб, кредит учун ҳисобланадиган тўловларни вақтида тўлаб боришга, тўловлар бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмаслигига ва олдинги 200 АҚШ долларини ҳам тўлиқ қайтариб беришга ишонтиришади. Эр-хотиннинг алдовига лаққа тушган қўшниси ўз номига 18 ой муддатга йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти билан 23 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, пулларни уларга тутқазади. Бироқ И.Р.нинг содда ва ишонувчанлигидан фойдаланган фирибгарлар лафзида туришмайди. Шу тариқа И.Р. 200 долларга ҳам, 23 миллион сўмга ҳам куйиб қолаверади.

      Болалар кийим-кечаклари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор С.А. ҳам ушбу фирибгарларнинг тузоғига илингандики, унга етказилган зарар оз эмас, 20 минг долларга тенг эди. Яъни эр-хотин С.А.га ўзларини савдо фаолиятида етарли тажрибага эга бўлган тадбиркор сифатида намоён қилиб, ҳамкорликда тадбиркорлик билан шуғулланишни таклиф этишади. Хусусан, Қўқон шаҳридаги буюм бозоридан аёллар адрас нимчаларини олиб келиб сотишни йўлга қўйишларини, ҳар бир нимчадан 12 минг сўмдан фойда қолиши мумкинлигини, олинган фойда ўртада тенг тақсимланишини айтиб, С.А.нинг 20 минг долларини уч маротаба бўлиб-бўлиб, алдов йўли билан қўлга киритишган.

      Судда Ш.Ж. ва М.Ж.лар Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбли деб топилди ҳамда қилмишларига яраша ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Бунда улар томонидан етказилган зарарлар қопланганлиги, жабрланувчиларнинг судланувчиларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги инобатга олинди. Шунингдек, суд ҳукми билан М.Ж.дан уни тергов даврида Россия Федерациясидан этап қилиб келтириш учун сарф этилган 33 миллион 961 минг 205 сўм харажатларни давлат фойдасига ундириш хусусидаги тўхтамга келинди.

      Жиноятчига берилган ҳар қандай жазодан асосий мақсад тарбиядир. Шу маънода қинғир ишлар билан боғлиқ воқелик якунидан судланувчиларнинг ҳар иккиси хулоса чиқариб, жиноят кўчасига қайта қадам босмасликлари учун аччиқ сабоқ бўлса, ажабмас.

Озодбек Неъматиллаев,

жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа тумани суди судьяси

Ташкилотнинг тракторини талон-торож қилган ҳисобчига суд ҳукми ўқилди

      “Андижон агросервис ва интеграллашган сервис маркази” масъулияти чекланган жамиятининг балансида анчагина мулклар, жумладан, ўнлаб замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари бор эди. Туппа-тузук ишлаб турган воситаларнинг айримлари кутилмаганда ғойиб бўлади, буни ҳатто жамоа аъзолари ҳам сезмай қоладилар. Тегишли идоралар томонидан тафтиш ўтказилганда маълум бўладики, уларни МЧЖ бош ҳисобчиси Н.Латипова (исм-фамилиялар ўзгартирилди) аллақачон ўз танишларига пуллаб, талон-торож қилиб юборган экан.

      Хусусан, ташкилот балансидаги қиймати 121 миллион 920 минг сўмлик “Planter D4” русумли агрегатни Бўстон туманида яшовчи фуқаро Р.Бойтўраевга 2 минг 400 долларга, нархи 132 миллион сўмга тенг “John Deer” русумли тракторни эса Балиқчи туманида яшовчи А.Қобуловга 7,5 минг долларга сотиб, пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади. Олди-сотди жараёнида харидорларни бу мулклар ўзининг фермер хўжалигига тегишли эканлигига ишонтиради. Шу тариқа МЧЖнинг 253 миллион 920 минг сўм миқдордаги мулклари ўзлаштириш йўли билан талон-торож этилади.

      Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл тумани судида уддабурон ҳисобчининг қилмишларига қонуний баҳо берилди. Жазо тайинлашда етказилган зарарлар тўла қопланганлиги инобатга олинди. Н.Латиповага Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан, ушбу кодекснинг 45-моддаси қўлланилиб, 1 йил 6 ойга давлат органлари, корхона, муассаса, ташкилотларида моддий ва мансабдорлик вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, ҳар ойлик иш ҳақининг 10  фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

 

Қаҳрамон Аҳмадалиев,

жиноят ишлари бўйича Олтинкўл тумани судининг раиси

Skip to content