КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТГА ТУШОВ БЎЛУВЧИ ИЛЛАТ

        Жиноят ишлари бўйича Избоскан тумани суди биносида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими ходимлари иштирокида коррупцияга қарши курашиш, бу иллатнинг барвақт олдини олиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

        Суд раиси Ж.Яқубхўжаев коррупциянинг ҳар қандай шакли, жумладан, маиший коррупция юрт ва жамият тараққиётига болта урувчи иллат эканлиги, айни турдаги жиноятлар туфайли одамларда давлатга нисбатан ишонч сўниб боришини қайд этди.

        Қайд этилдики, бугунги кунда бутун дунёда глобал муаммога айланиб улгурган бу иллатга қарши жаҳон мамлакатлари кўплаб усуллар билан кураш олиб бормоқда. Коррупцияга қанчалик чек қўйилганлигидан эса ўша давлатнинг ривожланиш даражасини билиш мумкин.

        Мулоқотда коррупциявий жиноятларга нисбатан жазо муқаррарлиги принципи қонунчиликда белгиланган чоралар, судланган шахсларнинг қисмати мисолида тушунтирилди.

        Шунингдек, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Избоскан тумани бўлими бошлиғи М.Нурдинов коррупцияга қарши курашишнинг яна бир омили – давлат хизматларини автоматлаштириш, аҳолига хизмат кўрсатишда инсон омилини камайтириш, соҳадаги хизматларнинг шаффофлигини таъминлаш, масофавий назоратни кучайтириш каби вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида қонунчиликка ўзгартиришлар киритилаётган ўзгартиришлар, қабул қилинаётган норматив ҳужжатларнинг аҳамияти хусусида сўз юритди.

       Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 февраль кунги 74-сонли фармонига асосан, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда 2022 йилнинг октябрь ойидан – 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақаларни ҳамда парваришлаш нафақасини фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда «проактив шакл»да тайинлаш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.

        Яъни пенсия жамғармаси томонидан тайинланадиган 8 турдаги нафақанинг 3 тури бевосита фуқаронинг мурожаатисиз тайинланши ва тўловлари амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Таъкидландики, бундай идоралараро электрон ахборот алмашуви жараёнлари такомиллашиб бораётгани ва келгусида аҳолига етказиладиган барча турдаги ижтимоий тўловлар босқичма-босқич шундай “проактив шакл”га ўтказилиши билан бирга, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига чек қўйилади ҳамда ушбу соҳада коррупцияга олиб келувчи хавф-хатарлар чекланишига хизмат қилади.

Ўзгани камситишга ҳеч ким ҳақли эмас ёки қўпол жумлалар билан ёзилган ариза маънавий зарар ундиришга сабаб бўлди

Яқинда Пахтаобод туманидаги мактаблардан бирида директор вазифасида ишлаган Фароғатхон Самадова (исм-фамилиялар ўзгартирилган)дан фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судига нақ 20 нафар шахсдан маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво ариза келиб тушди. Суд ҳолатни батафсил ўрганди, тарафларни тинглади, ҳужжатлар билан танишди, пировардида даъвогар фойдасига жавобгарларнинг ҳар биридан 1 миллион сўмдан маънавий зарар ундириш ҳақидаги тўхтамга келди. Хўш, икки ўртада бундай дилхиралик юзага келишига нима сабаб бўлганди?

 

Маълум бўлишича, Ю.Ҳ. ҳамда яна 19 нафар фуқаро Фароғат Самадованинг устидан вилоят халқ таълими бошқармасига ариза ёзади. Ҳозир гап арзгўйлар нимадан норози бўлганликлари, бошқармага қандай масалалар юзасидан мурожаат қилганликларида эмас. Балки асосий масала аризанинг ёзилиш услуби-ю қўпол сўзлардан иборат эканлигида. Яъниким шикоятчилар ҳиссиётга берилиб, аризада даъвогарни ҳақорат қилувчи сўзлар, хусусан, шаъни ва қадр-қимматини камситувчи жумлалар ишлатишади. Оқибатда мазкур фуқароларнинг ўзлари жиноят ишлари бўйича Пахтаобод тумани судининг қарорига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40- ва 41-моддалари билан айбли деб топилиб, жарима жазосига тортиладилар.

 

Ўз навбатида даъвогар судга мурожаат этиб, ушбу вазият сабаб шаъни ва қадр-қимматига путур етганини, бунинг оқибатида руҳий изтироб ва маънавий азоб чекканини, айни ҳолатлар соғлигига ҳам таъсир қилганлигини билдирди ҳамда жавобгарлардан даъво аризада кўрсатилган миқдорда маънавий зарар ундиришни сўради. Низо якуни бўйича суд қандай хулосага келганлиги хусусида эса юқорида қайд этдик.

 

Ҳар бир шахс у ёки бу масала юзасидан давлат идораларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ ҳар қандай ариза, шикоят ва таклиф этика қоидаларига риоя қилган ҳолда ёзилиши, айниқса, устидан арз қилинаётган шахс ким бўлишидан қатъи назар, унинг шахсиятига тегувчи, шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, ҳақорат қилувчи сўзлар ишлатилмаслиги шартлиги каттаю кичик билиши керак бўлган энг оддий тамойиллардир. Йўқса, бундай ҳолат жавобгарлик келтириб чиқариши муқаррар. Мақолада келтирилган мисол эса бошқаларга ҳам ибрат бўлиши даркор.

 

Аҳрориддин Масардинов,

фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди раиси

Сайёр қабулда жабрланувчи билан ярашган ҳуқуқбузарлар жавобгарликдан озод қилинди

        Пахтаобод туманида судларнинг навбатдаги сайёр қабули ташкил этилди. Унда Андижон вилояти суди раисининг ўринбосари Жасуриддин Абдусаттаров ҳамда жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Шуҳрат Мирзакаримов фуқароларнинг соҳага доир ариза ва шикоятларини ўрганиб чиқди.

        Қабул жараёнида фуқароларнинг уй-жой, мол-мулк низоси, банкдан кредит олган шахснинг вафот этганлиги боис мавжуд қарздорликни қоплаш борасида юзага келган муаммо борасида, шунингдек, яқин танишининг ваъдасига ишониб унинг учун ўз номига кредит расмийлаштириб, эндиликда ўзи тўлашга мажбур бўлаётганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаатлари ҳамда давлат идораси вакилининг ҳаракатлари юзасидан шикоятлари кўриб чиқилди. Ўрганишлар якуни бўйича уларнинг барчасига ҳуқуқий тушунтириш берилди.

        Амалдаги қонунчиликка кўра, 12 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, суд уни маъмурий жавобгарликдан озод қилиб, ишни тугатиши мумкин. Қабул жараёнида ана шундай тоифадаги мурожаатлар ҳам кўриб чиқилди ва ҳуқуқбузарлар суд томонидан огоҳлантирилган ҳолда ижобий ҳал этилди.

Халқаро арбитраж суди чет эллик инвесторларга қандай имкониятларни беради?

        Ҳар қандай давлат иқтисодиёти ривожланишига таъсир қилувчи энг асосий омиллардан бири, бу – чет эл инвесторларининг шу мамлакатга ўз инвестицияларини, яъни маблағлари, асбоб-ускуналари, интеллектуал мулкларини дадил ва ҳеч иккиланмай олиб киришига боғлиқ.

       Жумладан, Европа, АҚШ, Япония каби саноати ривожланган йирик мамлакатларда фолият юритаётган корпорациялар арзон ишчи кучи ва ресурсларга бой бўлган Хитой ва Ҳиндистонга завод ва фабрикаларини кўчириб келиши оқибатида шу мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулот ҳажми кескин ошиб, аҳолининг турмуш даражаси яхшиланишига бевосита таъсир кўрсатиб келаётганлигини яқин тарихдан кўришимиз мумкин. Қолаверса, бугунги кунларда ҳам бу давлатларга кириб келаётган инвестициялар оқими тўхтагани йўқ.

       Мазкур ҳолатнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, инвесторларни жалб қилиш учун фақат арзон ишчи кучи ва қулай инфраструктура камлик қилади. Бунда мамлакатда қонунларнинг шаффофлиги, суд-ҳуқуқ тизимининг мустақиллиги ва қонун устуворлиги билан биргаликда, иқтисодий низоларни адолатли, тезкор ва ишончли ҳал этиш имкониятининг мавжудлиги жуда катта аҳамиятга эга.

Демак, инвесторларнинг ўз маблағларини бир мамлакатга олиб келишлари шу мамлакатда миллий суд тизимидан ташқари альтернатив шаклда фаолият юритадиган нодавлат ҳисобланган ҳакамлик ҳамда халқаро тижорат арбитраж судларининг ҳам ўрни беқиёс.

        Хўш, халқаро арбитраж суди чет эллик инвесторларга қандай имкониятларни беради?

       Авваламбор, инвестор иқтисодий муносабатга киришар экан, ҳамкори билан ўзаро расмийлаштираётган шартномада, шартнома шартларидан келиб чиқадиган ҳар қандай низо халқаро тижорат арбитраж судида кўрилиши, ишни кўришда ўзи хоҳлаган давлат қонунчилиги нормалари қўлланилиши, арбитрларни (судья) ўзи танлаш имкониятининг мавжудлиги, ишлар ўзи хоҳлаган тилда юритилиши каби шартларни қўйиши мумкин.

       Бундай ҳолатда шартнома шартларига асосан низо миллий суд тизимида эмас, балки халқаро тижорат арбитраж судида, бошқа мамлакат қонунчилиги асосида, бошқа тилда, тарафлар томонидан танланган арбитрлар томонидан кўриб чиқилади. Бу эса ўз навбатида низони тезкорлик билан ҳал этилиши ва тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ ҳимоя қилинишига олиб келади.

        Шу сабабдан ҳам мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигини ошириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш мақсадида Ўзбекистонда низоларни арбитраж орқали ҳал этишнинг замонавий ва халқаро стандартларга асосланган механизмларини шакллантиришга жуда катта эътибор қаратилиб келинмоқда.

        Жумладан 2018 йил 5 ноябрда Прзидентнинг ПҚ-4001-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси ҳузурида Тошкент халқаро арбитраж маркази (tiac) ташкил этилди.

        Марказ етакчи хорижий арбитражлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, фаолияти давомида мавжуд низоларни ҳал этиш учун хорижий арбитрлар жалб қилиб, инвестициялар билан боғлиқ низоларни суддан ташқари ҳал этиш соҳасида мутахассислар тайёрлай бошлади.

        Лекин шу ерда савол туғилади, агар халқаро арбитраж суди нодавлат ташкилоти бўлса, унинг қарорини ижросини таъминлаш қандай шаклда амалга оширилади?

        2021 йил 16 февраль куни “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида” қонун, 2022 йил 16 май куни эса ушбу қонун қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб,  арбитрни тайинлаш, рад этишни қаноатлантириш ҳақидаги, арбитр ваколатларининг амал қилишини тугатиш хусусида қарор қабул қилиш тўғрисидаги, арбитраж судининг юрисдикцияси масаласи юзасидан қарорлар қабул қилиш ҳақидаги, таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги, таъминлаш чораларини кўриш ҳақидаги, далилларни олишга кўмаклашиш тўғрисидаги, арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақидаги, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш иқтисодий судларга юклатилди.

        Бу эса ўз навбатида ҳалқаро арбитраж судининг қарорини мамлакатда мажбурий ижро этиладиган ҳужжат сифатида тан олинишига олиб келади ва МИБ томонидан ижроси сўзсиз таъминланади.

        Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда халқаро тижорат арбитраж институтининг ривожланиши инвесторлар оқими кўпайишига, мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланишига жуда катта ҳисса қўшади.

Алишер Абдураҳмонов,

Андижон вилояти суди судьяси

 

Андижонда автокран ағдарилиб тушиши ортидан келиб чиққан низога судда ечим топилди

        Ўтган йили айни ёз кунларининг бирида Андижон шаҳридаги қурилиш ишлари олиб борилаётган мактабгача таълим муассасасида бахтсиз ҳодиса рўй беради. Яъни ҳудудда фаолият кўрсатаётган махсус автокран кутилмаганда ағдарилиб кетади. Хайриятки, кўнгилсизлик туфайли ҳеч бир кишига зиён етмаган. Аммо номи тилга олинган техниканинг асосий ўқи ва яна бир қатор деталларига жиддий зиён етдики, махсус автокран ишдан чиқди ҳисоб.

        Шу ўринда савол туғилиши табиий: техниканинг қулаб тушишига уни ўрнатиш ёки бошқаришга жавобгар мутахассислар айбдормиди? Ўрганишлардан маълум бўлдики, ҳодисага масъулларнинг мутлақо алоқаси йўқ, аксинча, тупроқнинг чўкиши сабаб бўлган.

        Аниқланишича, автокранга эгалик қилувчи тадбиркорлик субъекти уни харид қилган вақтда суғурта компанияларидан бири билан шартнома имзолайди. Мазкур шартномадан келиб чиқиб, тадбиркор юқоридаги ҳолатни суғурта ҳодисаси деб қайд этиб, товон пули сўраб компанияга мурожаат қилади. Компания эса бу ҳолат суғурта ҳодисаси эмас, дея товон пули тўлашдан бош тортади. Сезиб турганингиздек, тарафлар келиша олмагач, низо судгача етиб келди.

        Айтиш керакки, мазкур масала судда уч босқичда кўриб чиқилди. Аввалига Андижон туманлараро иқтисодий суди тадбиркорнинг даъвосини қаноатлантириб, компаниядан товон пули ундириш тўғрисидаги тўхтамга келди. Бундан норози бўлган жавобгар томон дастлаб вилоят судига апелляция тартибида, сўнгра Олий судга кассация тартибида шикоят келтирди. Тўғри, кассация инстанциясида қуйи судларнинг қарорлари қисман ўзгартирилди, яъни компания томонидан тўланиши белгиланган товон миқдори камайтирилди. Ҳолат эса барибир суғурта ҳодисаси сифатида эътироф этилди. Яъни жавобгар тадбиркорга 553 миллион 939 минг сўм миқдорида суғурта товон пули тўлайдиган бўлди.

 

Дилшодбек Убайдуллаев,

Андижон вилояти суди судьяси

Суд раиси маҳаллада арзгўйларнинг мурожаатларини ўрганди

        Андижон туманининг Миробод маҳалла фуқаролар йиғинида вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев ҳамда судьялар томонидан сайёр қабул ҳамда аҳоли вакиллари билан мулоқот ўтказилди. Унда 30 дан ортиқ фуқаро иштирок  этди.

        Дастлаб учрашувда қонунчиликдаги янгиликлар, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар хусусида сўз юритилди. Жумладан, Тараққиёт стратегиясида назарда тутилган бешта асосий вазифанинг иккинчиси ҳам суд-ҳуқуқ ислоҳотларини изчил давом эттириш билан боғлиқ бўлиб, “суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим” деган қараш ҳеч қачон ўзгармас тамойилга айланиши зарур. Мулоқотда айни йўналиш билан боғлиқ масалалар хусусида атрофлича маълумот берилди.

        Сайёр қабулда никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар юзасидан 3 нафар, ер низоси бўйича 1 нафар, уй-жой низоси бўйича 1 нафар фуқаронинг мурожаатлари ўрганиб чиқилди ҳамда барчасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш билан боғлиқ жазони ўтаётган 10 нафар шахс билан ҳам мулоқот қилинди. Уларнинг жазодан муддатидан  илгари шартли равишда озод қилиш ҳақидаги мурожаатлари ижобий ҳал этилди.

Хатосидан хулоса чиқарганларга қонуний енгиллик берилди

Жиноят ишлари бўйича Булоқбоши тумани судининг навбатдаги суд мажлисида етти нафар маҳкумни ўталмай қолган жазодан шартли равишда озод қилиш ҳақидаги тақдимномалар кўриб чиқилди.

 

Инсонпарварлик тамойили халқимизга хос фазилат. Бу хусусият қадрият сифатида қадрланиши баробарида қонунларимизда ҳам аксини топган. Жумладан, жиноятга қўл урган, бироқ суд томонидан тайинланган жазони ўташ чоғида қилмишидан чин пушаймон бўлиб, эндиликда ҳамиша тўғри йўлдан юрмоққа, ҳалол меҳнат қилмоққа қатъий бел боғлаган шахслар қонуний енгилликдан баҳраманд бўлиши мумкин. Судья Шоҳруҳ Ваҳобов раислигида ўтказилган мазкур очиқ мажлисда кўриб чиқилган ҳолатлар бу фикрнинг исботи.

 

Ана шундай юртдошларимиздан бири – М.Ю.га суднинг 2021 йил 24 февралдаги ҳукмига асосан, Жиноят кодекси 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг «б» банди билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган эди. Жазо тайинланган санадан бошлаб ўтган 1 йил-у 8 ойлик муддат унинг ўз қилмишидан хулоса чиқариши учун етарли бўлди.

 

– Гарчи озодликдан маҳрум қилинмай, яқинларим билан бирга бўлсам-да, шу вақт ичида қўл-оёғимга кишан урилгандай ҳис қилавердим ўзимни, – дейди М.Ю. – Ҳалол меҳнат қилиб яшашнинг, эмин-эркин ҳаётнинг қадри жуда билинди. Бундан буён ҳеч қачон жиноят кўчасига юрмасликка аҳд қилдим. Менга берилган жазонинг ўталмай қолган 1 йил 4 ойлик қисмидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинганим учун суддан миннатдорман.

Skip to content