Ҳовлиқма ҳайдовчи қоидаларга беписандлик ортидан икки оғайнисининг умрига зомин бўлди

          Фалокат оёқ остидан чиқиши бор гап. Аммо кўнгилсиз ҳолатларга кўпинча кишининг ўзи сабабчи бўлиб қолиши ҳам инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Балиқчи туманида яшовчи Насрулло Ҳасанов (исм-фамилиялари ўзгартирилган)нинг тартиб-қоидаларни менсимаслиги, ўзига ҳаддан зиёд ишониб юборганлиги ортидан рўй берган фожиа ҳам бу фикрнинг исботидир.

          Қиш кунларининг бирида Насруллога яқин оғайниси Ҳурматилло қўнғироқ қилиб, “машинангизда қўшни Олтинкўл туманига бирга бориб келайлик, савдо марказидан маҳсулот харид қилмоқчи эдик” дея илтимос қилиб қолди. Насрулло илтимосни рад этмади. Ҳурматилло билан бирга яна икки оғайнисини “Нексия”сига ўтқазиб, айтилган манзил томон автоуловини шамолдек учириб кетди. Оғайнилар ярим соатга етар-етмай ишни битириб, ортга қайтдилар.
Гарчи жуда зарур иши бўлмаса-да, автоуловни бошқариб бораётган Насрулло қишлоқ йўлида тезликни бирданига ошириб юборди. “Нексия” соатига 100 километр тезликда ҳаракатлана бошлади. Ўзига ҳаддан зиёд ишониб, қоидаларга беписандлик билан қараётган ҳовлиқма ҳайдовчи йўлнинг бирмунча торроқ қисмидан ўтаётиб велосипед миниб келаётган болага кўзи тушди. Шунда ҳам тезликни пасайтиришни хаёлига келтирмай, хавфли манёврни амалга оширдию, бироқ эплана олмади. Машина йўл четидаги дарахтга бориб урилди. Зарба оқибатида эса “Нексия” ёниб кетиб, унинг ичида бўлган икки йўловчи воқеа жойида вафот этди. Яна бир йўловчи Ҳурматилло эса оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.
          Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани суди томонидан кўриб чиқилди ҳамда Н.Ҳасановга Жиноят кодекси 266-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан уч йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо шартлига алмаштирилиб, уч йил синов муддати белгиланди. Бунда, албатта, жабрланувчи ҳамда жабрланувчининг қонуний вакилларининг судланувчига нисбатан даъвоси йўқлиги ҳам инобатга олинди.
          Жазодан мақсад – тарбия. Шу маънода Н.Ҳасанов суд томонидан берилган жазони ўташ жараёнида ўзининг хатоларидан хулоса чиқариши турган гап. Аммо виждон азоби уни бир умр қийнаб ўтишига шубҳа йўқ. Воқелик эса ҳар бир ҳайдовчига ибрат бўлиши даркор.
 
Фурқат Собиров,
жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани судининг раис

Руҳиятдан ўчмайдиган доғ ёки одам савдоси билан боғлиқ бир жиноят оқибати хусусида

Андижонлик Мақсадхон Икромова (исм-шарифлари ўзгартирилди) яқинда ўзининг 26 баҳорини қарши олган, демакки, аллақачон оқ-у қорани таниб улгурган, ножўя хатти-ҳаракатларининг оқибатини жуда яхши англайдиган ёшда эди. Бироқ бели оғримай, қолаверса жирканч йўл билан топилган пуллар кўзларини шамғалат қилиб қўйди. Агар “Куни келиб жавобгарликка тортилиб кетсам, оилам, бир нафар фарзандим тақдири нима бўлади?” деган савол ўйлантирганида, ўзи ҳам балки пушаймон еб ўтирмас, унинг “қармоғи”га илинган ёш қизларнинг қисмати, онгу шуури ва руҳиятига эса бир умрлик ўчмас доғ бўлиб тамға ёпишмаган бўлармиди…

Гапнинг ўзанидан воқеликнинг моҳиятини илғаётган бўлсангиз керак. Ҳа, Мақсадхон одам савдосидек жирканч жиноятга қўл урди. Урганда ҳам, ҳали 18 ёшга тўлмаган икки қизни “ўлжа”га айлантирдики, уларни ўзининг танишларига бир мартагина эмас, такрор-такрор қўшиб бериб, бу ишни даромад манбаига айлантириб олганлигини ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайди.

У бу қизлар билан қандай танишиб қолганди дерсиз? Кунларнинг бирида Андижон шаҳридаги “Караоке” залига борганди. Бу ерда юқорида айтилганидек икки қиз билан танишиб қолди. Қизлар оила аъзолари билан аразлашиб, жанжаллашиб, кўчага чиқиб кетишган экан. Мақсадхон уларга “Хоҳласангиз, менинг уйимда яшайверасизлар”, деб таклиф берди. Таклиф иккисига ҳам маъқул бўлди. Мақсадхон уларни хонадонига олиб келгач, алдаб-аврашга тушди. “Айтганларимга кўнсангиз, кам бўлмайсизлар. Ахир менга ҳам, сизларга ҳам пул керак-ку”, дея қабиҳ режасини уларнинг онгига сингдира бошлади.

Қисқаси, каттагина пул эвазига қизларни бир неча бор Андижон, Хонобод шаҳарларида, Қува туманида ўзи таниган-билган эркакларнинг қўйнига солиб қўйдики, бу ҳолатни айтишга на тил боради, тасвирлашга на сўз…

Ҳар қандай ҳаракатнинг интиҳоси бўлгани каби Мақсадхоннинг ими-жимида қўл урган бу ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо бериладиган вақт келди. Ахир кўза кунда эмас, кунида синади, деган гап бежиз айтилмаган.

Суд томонидан М.Икромовага Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан мазкур кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу вақт, ўйлаймизки, унга қилмишларини обдон таҳлил этиш учун етиб ортади.

Улуғбек Каримов,

жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди раиси

Суд фахрийлари ҳамиша эъзозда

          Андижон вилояти маъмурий суди томонидан соҳада узоқ йиллар ибратли фаолият кўрсатиб, айни пайтда қарилик гаштини сураётган фахрийларнинг судьялар ҳамда тизимда меҳнат қилаётган ходимлар билан учрашуви ташкил этилди.

          “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзгу фазилат” деган бош ғоя асосида мамлакат бўйлаб ўтказилган кексалар ҳафталиги доирасидаги мазкур тадбирда Мирзадаврон Ғофуров, Абдумалик Турғунов, Фазлиддин Шамсиддинов, Одинахон Худойбердиева каби фахрийлар суд тизимида ўзлари ишлаган давр ҳамда айни пайтдаги шарт-шароитларни таққослаб, бугунги қулайликлар ходимларнинг изланишлари, билим ва дунёқарашини, касб маҳоратини ошириб боришлари учун ҳар жиҳатдан имконият беришини таъкидладилар. Мулоқотлар давомида устозларнинг судьялар ва навқирон ходимларга ибрат бўладиган фикр-мулоҳазалари, панду ўгитлари тингланди.

          Ўз навбатида Андижон вилояти маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимов, мазкур суд судьяси Дилмиржон Халилов, вилоят суди судьяси Носиржон Расулов ва бошқалар ҳам устозларга миннатдорлик билдириб, уларнинг қимматли маслаҳатлари, ҳаётий тажрибалари, йўл-йўриқлари учрашув қатнашчилари учун ҳар томонлама фойдали бўлганлигини қайд этдилар.

          Тадбир доирасида нуронийлар Андижон вилоятида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, жумладан, Янги Андижон массивида қад кўтараётган иморат ва иншоотлар билан таништирилди. 

Ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш барча учун маънавий мажбуриятдир

          Андижон вилояти суди томонидан талабалар иштирокида содир этилаётган жиноятлар ҳамда ҳуқуқбузарликлар муҳокамасига бағишланган тадбир ташкил этилди. Андижон давлат университетида ўтказилган учрашувда олий ўқув юртининг декан ва декан ўринбосарлари, ўқитувчилар қатнашишди.

         

          Мулоқотда вилоят суди судьялари Илҳомжон Сотволдиев ҳамда Носиржон Расулов йилнинг айни даврига қадар судланган ёшлар томонидан қўл урилган жиноят турлари ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар, уларнинг ҳуқуқий оқибатлари хусусида сўз юритиб, ҳар қандай ғайриқонуний хатти-ҳаракат содир этган шахсга ёши ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, жавобгарлик муқаррарлиги хусусида аниқ мисоллар асосида қатор маълумотлар берди.

 

          Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, бугун ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънан етук бўлиб камол топишлари учун давлат томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Имкониятлардан оқилона фойдаланиш ва тўкис билим олиш эса ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.

 

          Бироқ талабалар орасида ҳам ёшлик қилиб, билиб-билмай ножўя қадам босиб, оқибатда мулзам бўлиб қолиш ҳоллари ҳам учраб турибди. Шу маънода ёшлар тарбиясига масъул бўлган барча қатлам, жумладан, устозлар ҳам йигит-қизларга пухта билим бериш билан бирга, уларни эгри йўлдан юрмасликлари, жиноят кўчасига кириб қолиб судланган тенгқурларининг қисматидан хулоса чиқаришлари учун таъсирчан ҳаётий мисоллар асосида панду ўгитларини аямасликлари даркор.

 

          Зеро, бир болага етти маҳалла ота-она дейилгани каби, ёшларни турли ёт ғоялардан, жиноий хатти-ҳаракатлардан асраш, боши берк кўчага кириб қолишларининг олдини олиш барча катталарнинг, шу жумладан, судьялар-у ва ўқитувчиларнинг ҳам маънавий мажбуриятидир.

Skip to content