Асакада сайёр суд: хатосидан хулоса чиқарганларга инсонпарварлик тамойили қўлланилди

          Кечиримлилик, инсонпарварлик, бағрикенглик каби фазилатлар халқимизга хос эзгу хислатлардан. Бу жиҳатлар қонунчиликда ҳам ифодасини топган. Жумладан, суд томонидан жазога тортилган, аммо қилмишларидан етарлича хулоса чиқариб, ҳаётини фақатгина яхши ишларга бағишлашга аҳд қилган ва буни амалда намоён эта бошлаган маҳкумлар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши мумкин.

          Куни кеча жиноят ишлари бўйича Асака тумани суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида ҳам суд ҳукми билан белгиланган мажбуриятларни бажариш чоғида барча тартиб-таомилларга қатъий амал қилиб, намунали хулқ-атвори билан эътиборга тушган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлаётган бир гуруҳ шахсларга ана шундай қонуний енгиллик берилди.

 

          Сайёр суддан сўнг ўтган мулоқотда суд раиси Раҳматилло Раҳимов ҳар бир инсон ўзида ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданиятни, қонунларга итоат ҳиссини қатъий шакллантириб, амал қилиб яшасагина, жамиятда доимо ўз ўрнини топишини ҳаётий мисоллар асосида қайд этди.

Сайёр қабулда фуқароларни ўйлантираётган муаммолар ўрганилди

          Андижон шаҳрида судлар томонидан навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Қабулда вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев, вилоят маъмурий суди раиси Мўйдинжон Салимов ҳамда судьялар томонидан фуқароларнинг соҳага доир мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

          Қабул жараёнида фуқаролар мурожаат муаллифлари фуқаролик, жиноят, иқтисодий ҳамда маъмурий судларга доир арз ва шикоятларини кун тартибига қўйдилар. Никоҳни бекор қилиш, эр-хотинлик даврида топилган мол-мулкни бўлиш, ноқонуний қурилмани буздириш, уй-жой низоси, автомашина олди-сотдиси билан боғлиқ келишмовчиликлар, фирибгарлик ортидан келтирилган зарарни ундириш каби масалалар шулар жумласидан.

          Суд раислари ҳамда судьялар барча шикоятларни батафсил тинглаб, тақдим этилган ҳужжатлар билан танишиб, муаллифларга ҳуқуқий тушунтириш бердилар.

Хатга тушди – ўтга тушди”ми? Ёки Асакалик фуқаро кредитга кафил бўлиб, нега 68 миллион сўм зарар кўрганлиги хусусида

Кейинги пайтларда яқин танишлари банкдан олаётган кредитга кафил бўлиб, оқибатда “емаган сомсага пул тўлашга” мажбур бўлаётган фуқаролар тез-тез учраб турибди. Шулардан бири – А.Н. фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар С.Т.дан 68 миллион сўм зарарни ундиришни сўраган.

 

Аниқланишича, А.Н. жавобгар С.Т.нинг “Микрокредитбанк” туман филиалидан олган 50 миллион сўм кредити учун кафиллик шартномаси асосида кафил бўлган. Бироқ жавобгар кредит шартномаси бўйича қарздор бўлса-да, кредитнинг тани ва фоизларини умуман тўламасдан келган. Оқибатда ундирув кафилнинг иш ҳақи пластик картасидан ойма-ой ечиб олиниб, жами 68 миллион сўм маблағлар кредит тани ва фоизлари учун тўланган. Қисқаси, даъвогар ушбу зарарни жавобгардан ундиришни сўраган.

 

Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ва банк ўртасида кафиллик шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра кафил агарда кредит шартномаси бўйича тўловлар белгиланган муддатларда ва миқдорларда амалга оширилмаган тақдирда тўлов мажбуриятларини тўлаб бериши, шартнома бўйича кредит олувчи билан солидар жавобгар ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

 

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъвогар А.Н.нинг жавобгар С.Т.га нисбатан “Зарарни регресс тартибида ундириш ҳақида”ги даъвоси қаноатлантирилди ва кафилга етказилган зарар ундириб берилди.

 

Ёки яна бир мисол. Даъвогар банк филиали судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, кредит бўйича қарздор С.Б. ва кафил К.О.дан тўланмаган 30 млн. сўм қарздорлик ва банк фоизларини солидар тартибда ундиришни сўраган.

 

Суд ишни тарафларни иштирокида атрофлича кўриб чиқиб, даъвони қаноатлантириш ва банк фойдасига 30 млн. сўм қарздорлик ва банк фоизларини кредит олувчи ва унинг кафилидан солидар тартибда ундириш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқарган.

 

Суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг белгиланган тартибда ижро қилиш учун МИБ туман бўлимига юборилган. Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида кафилнинг доимий иш жойи бўлганлиги, унинг пластик картасига ойма-ой иш ҳақлари келиб тушиши аниқланиб, суд ижро ҳужжатида кўрсатилган маблағлар кафилнинг иш ҳақидан бўлиб-бўлиб ундириб олинган.

 

Гарчанд, кафил олинган кредит маблағларидан умуман наф кўрмаган бўлса-да, кафиллик шартномасига имзо қўйиб, кафил мажбуриятларини зиммасига олган.

 

 

Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда  аҳолининг кредит олишга бўлган эҳтиёж ва талаблари муттасил равишда ошиб келмоқда. Бундан ташқари, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида маиший буюмлар, оргтехника, қурилиш маҳсулотлари ва бошқа турли хил маҳсулотларни пулини бўлиб бўлиб тўлаш шарти билан етказиб бериш шартномалари асосида савдо фаолияти кенг тус олди.

 

Албатта, бу тоифадаги кредит шартномалари шартлари ҳамма вақт ҳам қарз олувчилар томонидан ўз вақтида бажарилмайди.

 

Оқибатда низо келиб чиқиб, кредитор ташкилотлар томонидан судларга даъво аризаси билан мурожаат қилинмоқда. Айниқса, суд статистикасидан кўринишича, бу тоифадаги ишлар фуқаролик ишлари бўйича судларга келиб тушаётган ишларни асосий салмоғини ташкил қилади.

 

Аксарият катта миқдордаги кредит маблағларини қайтарилишини таъминлаш мақсадида кредит таъминоти сифатида кафиллик шартномаси ёки гаров мулки олинади.

 

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига кўра, кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.

 

Қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

 

Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради.

 

Яна бир эътиборли жиҳат шуки, мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади. Кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли.

 

Ўрни келганда, фуқароларимизга бошқа шахс олаётган кредит маблағлари учун кафил бўлишдан олдин кафиллик шартномасида кўрсатилган шартлар ва мажбуриятлар билан синчковлик билан танишиб чиқишларини тавсия қилган бўлар эдик. Бу ўз навбатида келгусида шу каби низолар келиб чиқишининг олдини олган бўларди.

 

Албатта, бу тоифадаги ишлар кўрилишида судлар ҳар бир тарафнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини таъминлаш билан бир қаторда, шартнома мажбуриятларини шартномада белгиланган тартибда ижро этилишини кафолатлайди ва бу билан қонун устуворлиги таъминланади.

 

Эркинжон Собиров, фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг раиси

ДАРДИНГ БЎЛСА БЎЛСИН, ҚАРЗИНГ БЎЛМАСИН

Қарз борасидаги муносабатларда қонунни билмаслик, олди-берди жараёнида хат-ҳужжатларга нисбатан эътиборсизлик куни келиб жуда қимматга тушиши мумкин. Яқинда Андижон вилояти судининг фуқаролик судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилган низо ҳам бу фикрнинг исботидир.

 

Ҳамиджонда (исмлар ўзгартирилди) тадбиркорлик қилиб бойиб кетиш мақсади бор эди. Банкда ишлаганлиги учунми, банкка келган фуқароларнинг пулларини фоизи билан қайтариш шарти билан олиб, маблағ асосида тадбиркорлик билан шуғулланишни режалаштирди.

 

Банкка омонат масаласида тез-тез келиб турадиган Даврон отага фоиз тўлаш шарти билан олти ой муддатга 100 миллион сўм қарз бериб туришни сўраб, уни банкдаги омонатдан кўра кўпроқ фойда кўришига ишонтирди. Даврон ота ёзма шартномага асосан, унга қарз бериб турадиган бўлди. Келишувга асосан қарздор Даврон отага ҳар олти ойда пул маблағларини фоизлари билан тўлаб турди, бироқ берган пулларига тилхат олишни ўйламади. Даврон ота эса ҳар олти ойда шартнома муддати тугаганда, Ҳамиджонга берган пулларига яна пул қўшиб, янги шартнома имзолатиб оларди. Ҳамиджон эса қарзнинг ҳисоб-китобини кўп-да ўйламасди. Бу ҳолат бориб-бориб, уни қарзларини тўлай олмайдиган ҳолга келтирди. Гап шундаки, Даврон ота билан ўрталарига совуқчилик тушди-ю, ҳақдор 1 миллиард сўм ундиришни сўраб, уни судга берди.

 

Ҳалқимизда “Олмоқнинг бермоғи бермоғи бор”, деган доно нақл бежиз айтилмаган. Қарз олдингми, албатта, тўлашинг шарт.

 

Қонунчиликда эса шундай қоида мавжуд: ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.

 

Суд Даврон отанинг даъвосини кўриб чиқиб, ҳар иккала тарафнинг тушунтиришларини эшитиб, тўпланган барча далилларни текшириб, Даврон отанинг талаблари шартномага асосланганлиги, Ҳамиджон эса қарзини қайтарганлигини тасдиқловчи далилларни тақдим эта олмаганлиги сабабли, суд даъвони қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича қарз берувчи қарз олувчига пул ёки бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни қайтариб бериш мажбуриятини олади.

 

Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

 

Ушбу Кодекснинг 735-моддасига мувофиқ, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.

 

Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.

 

Юқоридаги кодекснинг 737-моддасига кўра эса, ёзма шаклда тузилиши лозим бўлган қарз шартномаси юзасидан гувоҳларнинг кўрсатмалари ёрдамида даъволашиш мумкин эмас.

 

Ўз-ўзидан аён, қонунни билмаслик, беэътиборлик ва Даврон отага бўлган ишонч Ҳамиджонга жуда қимматга тушди.

 

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда судларда қарз низолари кўпайиб бораётган экан, фуқаролар турли таниш-билиш ва ҳаттоки қариндошлардан қарз олаётганда ҳам, турли шартномаларни имзолашдан аввал, унинг мазмун-моҳиятини яхшилаб тушуниб олишлари, яъни етти ўлчаб, бир кесишлари даркор. Бундан ҳам тўғри йўл эса, имкон қадар бировдан олишга уринмасликдир. Ахир “дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин”, деб бекорга айтилганми?

 

Нурилло Шамсидинов,

Андижон вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

 

 

 

Халқ билан мулоқот: суд раисининг қабулида қандай масалалар кўтарилди?

    Олтинкўл туманида Андижон вилояти суди раисининг навбатдаги сайёр қабули ташкил этилди. Унда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

    Қабул жараёнида вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев фуқароларнинг ариза ва шикоятларини ўрганиб чиқди.

    Сир эмас, кейинги пайтларда оилавий низолар сони ортиб бормоқда. Уй-жой билан боғлиқ можаролар, никоҳдан ажратиш, эр-хотинлик даврида биргаликда топилган мол-мулкдан улуш ундириш, алимент билан боғлиқ даъволар шулар жумласидан. Қабул жараёнида мурожаат муаллифларининг юқоридаги каби масалалари бўйича атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

    Инсонпарварлик фазилати халқимизга хос эзгу хислатлардан. Айни жиҳат миллий қонунчиликда ҳам аксини топганки, хатолари сабаб суд томонидан жазога тортилган шахс белгиланган мажбуриятларни бажариш чоғида барча тартиб-таомилларга қатъий амал қилса, намунали хулқ-атвори билан ўзини кўрсатса, жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод қилиниши мумкин. Ахир жазодан асосий мақсад ҳам судланувчининг “бурнини ерга ишқаш” эмас, аксинча, инсонни тўғри йўлга солиш, тарбиялаш-ку.

    Шу маънода суд томонидан белгиланган жазони ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, шунингдек, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарганлиги учун суд қарори билан автомобиль бошқариш ҳуқуқидан муайян муддатга маҳрум қилиниб, жаримага тортилган, аммо ножўя ҳаракатларидан етарлича хулоса чиқарган бир гуруҳ шахсларга доир илтимосномалар ҳам қонун доирасида ижобий ҳал этилди.

Жирканч юмушни касб-корига айлантириб олган шахс жазога тортилди

    Кишида ният бузилиб, фикру хаёлини банд эта бошладими, то боши деворга урилмагунча ўзининг жирканч ҳаракатини тўғри деб маъқуллайверар экан. Қилмишлари тасдиғини топиб, жазо муқаррарлиги аён бўлганда эса, “шайтон йўлдан урди” деб тавалло қилишга тушаркан. Суд ҳукми билан тўрт йилга “кесилган” андижонлик 28 яшар Ёрқиной Шокирова (исм-шарифлар ўзгартирилди) ҳам ана шундай пушаймонлик гирдобига ботганлардан бири.

    Гап шундаки, вояга етмаган С.Н. тақдир тақозоси билан Ёрқинойга рўпара бўлиб, бир неча кун бу аёлнинг ижара уйида истиқомат қилади. Ёрқиной қизнинг ортидан яқинлари йўқлаб келмаганлигидан фойдаланиб, унинг туғилганлик гувоҳномасини олиб қўяди ҳамда уни фоҳиша сифатида ёллаб, 150 минг сўм эвазига бир эркакка қўшиб беради. Бу жирканч ҳолат учун уйида шароит ҳам яратиб беради.

    Ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўрганила бошлагач, Ёрқиной ножўя ҳаракатларидан очиқчасига тона бошлади. Жумладан, судда ҳам С.Н.нинг вояга етмаганлигидан бехабар эканини, чунки кўринишидан ёши катта қизга ўхшашини, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиб қўймаганлиги-ю, уни “кўчада қолиб кетдим” дегани учун уйига олиб кирганини таъкидлаб, айбини тан олмади. Аммо жиноий ҳаракатларига кўзгу тутувчи исботу далиллар етарлича эди.

   Мазкур иш вилоят судининг апелляция инстанциясида ҳам кўриб чиқилди ҳамда жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан Ёрқинойга нисбатан белгиланган жазо ўзгаришсиз қолдирилди.

     Гарчи судланувчи оилавий шароити яхши эмаслигини, вояга етмаган икки нафар боласи ҳамда опасининг бир нафар фарзанди ҳам ўзининг қарамоғида эканини таъкидлаб, енгиллик сўраган бўлса-да, судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас деган хулосага келди. Зотан, ҳолат вояга етмаган шахснинг ор-номуси билан боғлиқ масала экан, ҳеч қачон жазосиз қолмайди.


                                                                                         Нодирбек Мирзажонов,
                                                                                         Андижон вилояти судининг судьяси

Skip to content