Андижон вилояти судида фахрийларнинг ёшлар билан учрашуви ўтказилди

        Андижон вилояти судида суд тизими фахрийларининг Андижон юридик техникуми талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди.

        Тадбирда вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев ёшларга суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги, шаффофлиги ва очиқлигини янада кучайтириш, судлар фаолиятини рақамлаштириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

        Бугунги кунда юридик техникумда йигит-қизлар уч йўналиш бўйича таҳсил олишмоқда. Бўлғуси ҳуқуқшунослар келажакда адвокат, прокурор ёки судья бўлиб ишлашни орзу қилиб, бу йўлда пухта билим олишга интилмоқдалар. Шундан келиб чиқиб, ёшларни касбга қизиқтириш, касб этикасига риоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини ошириш, ўз устида мунтазам равишда ишлаш ва кучли билим эгаллашларига кўмаклашиш тажрибали устозлар олдидаги муҳим вазифалардан бири.

        Учрашувда шогирдпарварликни, бўлғуси ҳамкасбларининг соҳада ўз ўрнини топишларини орзу қилиб, айни истакни қалб амрига айлантирган фахрийлар ҳар ишда қонун устуворлиги ва адолатнинг барқарор бўлиши судьяларнинг фидойилик ва қатъиятлиликни бўшаштирмасликлари билан боғлиқ эканлигини таъкидладилар. Қайд этилдики, соҳа вакилларининг эътиборсизлик, таваккалчилик ва ноҳақлик қилишга мутлақо ҳаққи йўқ. 

Мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

Тадбир давомида иштирокчиларга суд-ҳуқуқ соҳасига доир журналлар, юридик техникум кутубхонаси учун эса Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев қаламига мансуб “Адолат инсонпарварликнинг олий нуқтаси” номли рисола ҳамда журналист-ҳуқуқшунос Шоҳруҳ Акбаровнинг “Мен ўзбекман” номли китоблари тақдим этилди.

 

Андижон вилояти суди матбуот хизмати